Президентнинг 18.07.2025 йилдаги «Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги мажлиси доирасида эришилган келишувларнинг ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-226-сонли қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг учинчи пленар йиғилишида илгари сурилган ташаббусларни тизимли амалга оширишга қаратилган.
Кенгашга ўзининг фаолияти доирасида ишчи гуруҳлар тузиш ва улар таркибига вазирлик ва идора раҳбарлари (ходимлари)ни жалб этиш ҳуқуқи берилди.
Ишчи гуруҳларнинг асосий вазифалари:
- ҳар ойда Кенгаш котибияти билан ҳамкорликда ҳаракатлар режаси доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан муҳокамалар ўтказиб бориш;
- инвестиция муҳитини яхшилаш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этиш.
Ҳужжатда инвесторларнинг таклифларини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси ҳамда Кенгашнинг ўзбек томонининг янгиланган таркиби тасдиқланди.
Асосий қарорлардан бири – Кенгаш котибиятини халқаро молия институтлари иштирокида нодавлат нотижорат ташкилотига айлантиришдир. Котибият инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади, инвестицияларни жалб қилишга ёрдам беради ва давлат органлари ҳамда хусусий сектор билан ҳамкорликни мувофиқлаштиради. Фаолият натижалари ҳар чоракда Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.
Инвестиция жараёнларини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Барча муҳим давлат хизматлари ва инвестиция лойиҳалари ҳақидаги маълумотларни бирлаштирувчи «Ягона инвестиция платформаси» ахборот тизими жорий этилмоқда. Маълумотларни жойлаштириш ва тизимларни интеграция қилиш учун вазирликлар, идоралар ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланади.
Қабул қилинган чоралар инвестиция муҳитини яратиш, халқаро ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва инвестициялар соҳасида самарали рақамли ечимларни жорий қилишга қаратилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.07.2025 йилдан кучга киради.
Саодат Усманова