23.07.2025 йилдаги Вазирлар Маҳкамасининг 458-сонли қарорига мувофиқ, 01.03.2024 йилдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–108-сон “Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини амалга ошириш бўйича чоралар тасдиқланди.
Суғурта операцияларининг шаффофлиги ва назоратини ошириш мақсадида барча турдаги суғурта ва қайта суғурталаш шартномаларини Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида (ЯААТ) мажбурий рўйхатдан ўтказиш жорий этилди. Шунингдек, 2025 йил 1 августдан бошлаб суғурта полисларини расмийлаштириш фақат ушбу тизим орқали амалга оширилади.
Рақамлаштириш соҳасидаги операторни (кейинги ўринларда — Оператор) аниқлаш вазифаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига (ИЛМА) топширилди. Операторнинг асосий вазифалари қаторига шартномаларни рўйхатдан ўтказиш, марказлаштирилган расмийлаштириш, сақлаш, узатиш ва ЯААТ орқали суғурта полисларини ҳисобга олиш киради.
2025 йил 1 августдан бошлаб, ҳар бир суғурта полисини ЯААТ орқали расмийлаштириш, сақлаш ва узатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 1 фоизигача бўлган тўлов жорий этилади. Бу тизимнинг барқарор молиялаштирилишини таъминлайди.
Рақамлаштиришнинг кейинги босқичи сифатида, 2026 йил 1 апрелдан ЯААТ орқали расмийлаштирилган суғурта мукофотлари бўйича тўловларни марказлаштирилган ҳисобга олиш учун Ягона суғурта биллинг тизими жорий этилади. Биллинг тизимини ишлаб чиқиш, жорий этиш, техник қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштириш учун масъулият Оператор зиммасига юкланади. Тизимдан фойдаланиш ҳуқуқи Операторга ҳамда суғурта ташкилотларига шартнома асосида берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.07.2025 йилдан кучга кирган.
Саодат Усмонова