Вазирлар Маҳкамасининг 28.07.2025 йилдаги 466-сон қарори билан пахта хомашёси етиштириш харажатларини муқобил манбалар ҳисобидан молиялаштириш ва самарали фаолият юритаётган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари белгиланди.
Ҳужжат билан қуйидаги қоплаш тартиблари тўғрисидаги низомлар тасдиқланди:
- қишлоқ хўжалиги субъектларига ўз маблағлари ва тижорат кредитлари ҳисобидан етиштирилган пахта хомашёсини биржада сотишда расмийлаштирилган электрон ҳисобварақ-фактура харажатларининг бир қисмини;
- пахта хомашёси етиштириш учун имтиёзли кредитларни ҳосил йили якунигача қайтарган қишлоқ хўжалиги субъектларига ушбу кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловларининг бир қисмини субсидия сифатида;
- пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда ип ишлаб чиқариш занжирига эга тўқимачилик корхоналарига пахта хомашёси етиштириш ва харид қилиш учун тижорат кредитлари бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини;
- пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда ип ишлаб чиқариш занжирига эга тўқимачилик корхоналарига ўз маблағлари ҳисобидан харид қилинган пахта хомашёси қийматининг бир қисмини;
шунингдек пахта хомашёси етиштириш ва йиғим-теримини молиялаштириш учун кредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш тартиби тўғрисидаги Вақтинча низом.
Суғориш учун фойдаланиладиган насос агрегатларини муқобил энергия манбалари билан таъминлаш мақсадида қуёш панеллари ўрнатиш учун тижорат банклари томонидан ажратилган ёки келгусида ажратиладиган тижорат кредитларининг бир қисми Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидия сифатида қопланади.
Насос агрегатлари истеъмол қилган электр энергиясининг камида 60 фоизи муқобил энергия манбаларидан қопланганда, электр энергияси харажатларининг бир қисмини қоплаш учун белгиланган тартибда ажратиладиган субсидиялар бериш тўхтатилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.07.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова