Вазирлар Маҳкамасининг 6.08.2025 йилдаги “Ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ташкилотларини комплекс ҳамда махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги 498-сонли қарори қабул қилинди.
Ҳужжат 5.05.2025 йилдаги ПФ–76-сонли Президент фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, таълим хизматлари сифати баҳосининг ошкоралиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган.
2025 йил ноябридан бошлаб давлат намунасидаги ҳужжатларни берувчи барча давлат ва нодавлат таълим муассасалари қуйидагилардан ўтиши шарт:
- комплекс давлат аккредитацияси (меъёрлар, дастурлар ва талабларга мувофиқликни баҳолаш мақсадида);
- махсус давлат аккредитацияси (янги таълим дастурлари учун ва режадан ташқари баҳолаш зарурати туғилганда).
Ҳужжатнинг асосий қоидалари:
- аккредитация органи – Президент Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги;
- баҳолаш муассасанинг қайси идорага тегишли бўлишидан қатъи назар амалга оширилади;
- комплекс аккредитация натижалари таълим муассасасининг маълум дастурлар бўйича қабул ва таълимни давом эттириш ҳуқуқига таъсир кўрсатиши мумкин;
- халқаро эътироф этилган агентликлар томонидан аккредитациядан ўтган дастурлар автоматик равишда тан олинади.
Олий ўқув юртлари ва коллежлар учун қуйидаги янги мажбуриятлар белгиланди:
- таълим сифатини таъминлаш бўлимлари ташкил этилиши:
- олийгоҳлар учун камида 3 нафар ходим;
- коллеж ва техникумлар учун – камида 1 нафар ходим;
- ушбу бўлимлар ички сифат аудити, аккредитацияга тайёргарлик ва таълимдаги хатарларни мониторинг қилиш билан шуғулланади.
Қарор билан шунингдек:
- 2025 йил охиригача “Аккредитация” электрон платформасини жорий этиш ва уни вазирликларнинг ахборот тизимлари билан интеграциялаш;
- аккредитациядан ўтмаган ёки камчиликларни бартараф этмаган муассасаларнинг лицензиясини бекор қилиш ва фаолиятини тўхтатиш имконияти;
- ёпилган муассасалар талабаларини мос йўналишлар бўйича бошқа олийгоҳ ва коллежларга ўтказиш тартиби назарда тутилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 08.11.2025 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова