Вазирлар Маҳкамасининг 29.08.2025 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Телекоммуникацияларни тартибга солиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 550-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг 21.08.2025 йилдаги «Телекоммуникация соҳасида тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-142-сон Фармони билан Телекоммуникацияларни тартибга солиш агентлиги ташкил этилган бўлиб, у операторлар ва провайдерлар кўрсатаётган хизматлар сифатининг белгиланган талабларга мувофиқлигини мониторинг қилади.
Ҳужжат билан телекоммуникация соҳасини тартибга солиш агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, ундаги қуйидагилар белгиланган:
- агентлик фаолиятини ташкил этишнинг асослари ва тартиби;
- агентликнинг асосий вазифа ва функциялари;
- агентлик фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби ва мезонлари;
- агентлик фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, унинг ходимларига меҳнат ҳақи тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби.
Агентликнинг асосий вазифалари:
- телекоммуникация соҳасидаги фаолият ва муносабатларни тартибга солиш;
- телекоммуникация соҳасида юридик шахслар фаолиятига лицензия ва рухсат бериш;
- телекоммуникация тармоқлари ва иншоотларини қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертиза қилувчи юридик шахсларни аккредитациялаш;
- телекоммуникация хизматларининг айрим турларини, шунингдек тармоқлараро уланишлар тарифларини тартибга солиш;
- телекоммуникация тармоқларини кенгайтириш тизимини ривожлантириш;
- глобал ахборот тармоғининг миллий сегменти манзил фазосидан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқиш, домен номлари тизимини белгилаш;
- телекоммуникация ускуналарини маркировкалаш;
- универсал хизматлар рўйхати ва уларнинг сифатига қўйиладиган талабларни белгилаш;
- операторлар ва провайдерлар учун тенг шарт-шароитлар таъминлашга кўмаклашиш;
- эркин рақобат асосида телекоммуникация хизматлари бозорини шакллантириш ва ривожлантиришга кўмаклашиш ва бошқалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 29.08.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова