Вазирлар Маҳкамасининг 29.08.2025 йилдаги 549-сонли “Аграр соҳани механизациялашни давлат томонидан рағбатлантиришни рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат қишлоқ хўжалиги техникалари ва ерларни текислаш учун автоматлаштирилган агрегатларни харид қилишда давлат субсидияларини тақдим этиш жараёнини рақамлаштириш, шу орқали бюджет маблағларидан самарали ва ошкора фойдаланишни таъминлашга қаратилган.
Субсидиялар тақдим этиш жараёнини рақамлаштириш
Давлат субсидияларини олиш жараёнининг барча босқичлари – ариза топширишдан то тасдиқланишигача – рақамли муҳитга ўтказилади. Аризалар фақат “Subsidiya.mf.uz” махсус ахборот портали орқали қабул қилинади. Бу эса жараённи очиқ, шаффоф ва фойдаланувчи учун қулай қилади, шунингдек, маъмурий юкламаларни камайтиради.
Субсидия олиш тартиби тўлиқ бепул. Ҳар бир ариза берувчига битта техника бирлигини харид қилиш учун бир марта субсидия берилади.
Қопланадиган харажатлар
Субсидиялар қуйидаги харажатларни қисман қоплайди:
- лазер ускуналари билан жиҳозланган қишлоқ хўжалиги техникалари ва автоматлаштирилган агрегатлар қийматининг бир қисми;
- юқорида кўрсатилган ускуналарни харид қилиш билан боғлиқ кредит ва лизинг шартномалари бўйича фоиз тўловлари.
Ахборот тизимларини интеграциялаш
Субсидияларни бошқариш жараёнида самарадорлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида “Subsidiya.mf.uz” портали қуйидаги асосий давлат ва соҳавий ахборот тизимлари билан интеграция қилинади:
- Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz);
- “Электрон ҳукумат” тизими;
- солиқ, божхона ва сертификатлаштириш органларининг ахборот тизимлари;
- банклар ва лизинг ташкилотларининг дастурий таъминоти.
Жараёнда иштирок этаётган ҳар бир вазирлик ва идора интеграция қилинган тизимлар орқали узатилган маълумотларнинг тўғрилиги учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 30.08.2025 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова