30.09.2025 йилда Президентнинг ПФ-177-сонли «Иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик маълумотлардан фойдаланишни кенгайтириш ва қишлоқ хўжалиги қуйи бўғиинида бошқарув тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
Ушбу ҳужжат давлат бошқаруви, экологик ва ер назорати самарадорлигини ошириш, табиий ресурсларни мониторинг қилиш, шунингдек, аграр соҳага замонавий технологияларни жорий этишни мақсад қилган.
2026 йилдан бошлаб амалга ошириладиган чоралар:
- геология, экология ва ердан фойдаланиш соҳаларида қоидалар бузилиши ҳолатларини аниқлаш учун йилига камида 3 марта давлат космик мониторингини ташкил этиш;
- барча асосий вазирлик ва идораларнинг маълумотлари интеграция қилиниши кўзда тутилган Space Gov Monitoring (SGM) ягона рақамли платформасини яратиш;
- энергетика, транспорт, сув хўжалиги ва космик таълим соҳаларида пилот лойиҳаларни жорий этиш;
- аэрокосмик маълумотлардан фойдаланиш бўйича ҳудудий рейтинг тизимини жорий этиш;
- Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлигининг ҳудудий ваколатхоналарини ривожлантириш ва кадр салоҳиятини мустаҳкамлаш.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилган: қўпол равишда ўрмонларни кесиш, пахтадан кейин қолган пояларни ёқиш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар космик маълумотлар орқали кузатилади. Мониторинг натижалари бўйича ундирилган жарималар ва етказилган зарарнинг маълум қисми агентлик ривожига йўналтирилади.
Шунингдек, қуйидагилар назарда тутилган:
- Қишлоқ хўжалигида Миллий билим ва инновациялар марказининг туман даражасида филиалларини ташкил этиш;
- суғориш самарадорлигини ошириш мақсадида гидромодул ҳудудлари чегараларини қайта кўриб чиқиш ва сув ҳисоблагич ускуналарини ўрнатиш.
Ушбу фармон давлат назоратининг рақамли трансформацияси ва қишлоқ хўжалиги ҳамда у билан боғлиқ соҳаларда илмий асосланган бошқарувни кенгайтириш учун технологик пойдевор яратади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 30.09.2025 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова