Вазирлар Маҳкамасининг 17.10.2025 йилдаги 656-сон қарори билан Олий таълим ташкилотларида тьюторлик фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Мақсад – талаба-ёшларни ватанпарварлик ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг шахсий ва касбий шаклланишида бевосита кўмаклашиш, талабалар билан индивидуал ишлаш механизмларини янада такомиллаштиришдан иборат.
Тьюторларнинг асосий вазифалари:
- талабаларнинг таълим жараёнига мослашишига кўмаклашиш, ахборот ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларнинг шахсий ва касбий қизиқишларини ривожлантиришга қаратилган индивидуал ва гуруҳ маслаҳатларини ўтказиш, талабаларни ички тартиб-қоидалар, ахлоқ кодекси ва бошқа маҳаллий ҳужжатлар билан таништириш;
- талабаларни ватанпарварлик, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, ҳаётга ишонч ва қатъиятлилик руҳида тарбиялаш;
- талабаларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, шунингдек, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланишини таъминлаш;
- ногиронлиги бўлган талабалар, етим болалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни рағбатлантириш бўйича таклифлар киритиш;
- талабаларнинг яшаш шароитларини (талабалар турар жойларида, ижара, аренда ва хусусий квартираларда) ва талабаларнинг ижтимоий (оилавий) аҳволини мунтазам назорат қилиш, талабаларнинг ота-оналари билан доимий алоқада бўлиш.
Тьюторлик меҳнат фаолиятининг асосий тури бўлиб, уни амалга ошириш учун қуйидагилар талаб этилади:
- олий маълумотга (бакалавр даражасига) эга бўлиш (илмий даража ва илмий унвонларга эга бўлган шахсларга устунлик берилади);
- қонун ҳужжатларига мувофиқ ўқитувчилик фаолияти ҳуқуқидан маҳрум этилмаслиги;
- маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар методикаси ва амалиётини чуқур билиш, педагогик ва психологик билим ва тажрибага эга бўлиш;
- намунали шахсий фазилатларга, жумладан, маданият, масъулият, фаоллик, ватанпарварлик ва ташаббускорликка эга бўлиш;
- мустақил қарор қабул қилиш кўникмаларига эга бўлиш.
Уларга бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 1-3 курс талабаларидан 120-150 нафари бириктирилади. Шунингдек, тьюторлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими (KPI) ишлаб чиқилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.10.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




