20.10.2025 йилдаги ЎРҚ-1089-сон Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига низоларни муқобил ҳал қилишда медиация институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ҳужжатда қайд этилганидек, хорижий инвесторларни жалб қилиш билан боғлиқ юзага келадиган низоларни судгача ҳал этиш ёки суд муҳокамасининг ҳар қандай босқичида келишув битимига эришиш ва низолашаётган томонлар учун мақбул қарор қабул қилишни таъминлайдиган механизмларни ишлаб чиқиш алоҳида аҳамият касб этади.
Қонунда низоларни муқобил ҳал этиш механизмларидан бири сифатида медиация тартиб-таомилини қўллаш ва медиатив келишувларни амалга оширишни рағбатлантирувчи нормалар белгиланмоқда.
Хусусан, киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги низоларни самарали ва тезкор ҳал этишни таъминлаш, шунингдек, медиация тартиб-таомилларини кенг қўллашни рағбатлантириш орқали судлар иш юкламасини оптималлаштириш назарда тутилмоқда.
Агар медиатив келишув тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилмаган бўлса, уни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги масала медиатив келишув тузган тарафнинг аризасига кўра кўриб чиқилади.
Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш қуйидаги ҳолларда рад этилади, агар:
- медиатив келишув қонун ҳужжатларига зид бўлса;
- бажарилиши лозим бўлган медиатив келишув шартлари ўзгартирилган ёки бекор қилинган;
- медиатив келишувда кўзда тутилган мажбуриятлартўлиқ бажарилди;
- ижро варақасини бериш тўғрисидаги ариза медиатив келишувни ихтиёрий ижро этиш муддати тугаган кундан олти ой ўтгач берилган, суд ўтказиб юборилган муддатни узрли деб топган ва уни тиклаган ҳоллар бундан мустасно.
Медиатор томонидан медиация тўғрисидаги қонунчилик талабларини ва медиаторнинг касб этикаси қоидаларини бузиш унга нисбатан интизомий жавобгарлик чоралари қўлланилишига сабаб бўлади.
"Нотариат тўғрисида"ги қонун, Фуқаролик процессуал кодекси, Оила кодекси ва бошқа ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.10.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




