 Президентнинг 23.10.2025 йилдаги ПФ-190-сон Фармонида касбий таълим тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари белгиланган.
Президентнинг 23.10.2025 йилдаги ПФ-190-сон Фармонида касбий таълим тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари белгиланган. 
Ҳужжатнинг асосий мақсади касб-ҳунарга ўқитиш сифатини яхшилаш, илғор хорижий тажрибани жорий этиш ва касб-ҳунар таълими тизимида бошқарувни такомиллаштириш орқали ягона ёндашув асосида халқаро стандартларга мос юқори малакали мутахассисларни тайёрлашдан иборат.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузурида Техникумлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва профессионал таълим соҳасини бошқаришга масъул Касбий таълим агентлиги ташкил этилди.
Агентлик касб-ҳунар таълими дастурларига, улар бўйича бериладиган малака даражаларига, ўқитишнинг энг кам муддатларига, битирувчилар билимини баҳолаш мезонларига, шунингдек мулкчилик шаклларидан қатъи назар, барча профессионал таълим ташкилотлари учун мажбурий бўлган ўқув-методик таъминотга қўйиладиган талабларни белгилайди.
Техникумлар ва ўқув курслари битирувчиларига Агентлик томонидан давлат намунасидаги ҳужжат (диплом, сертификат) берилади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ваучер тизими билан қамраб олинмаган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича буюртмалар беради. Бунда фуқароларни "ваучер" тизими ва буюртмалар асосида ўқитиш билан боғлиқ харажатлар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.
Хорижий иш берувчиларнинг ишчи кучига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, касб ва мутахассисликлар ҳамда хорижий тилларга ўқитиш бўйича буюртмалар Миграция агентлиги томонидан тақдим этилади. Бунда техникумларни ўқитиш ва уларнинг моддий-техник базасини такомиллаштириш учун зарур маблағлар Миграция жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.
Давлат органлари ва ташкилотларига касб-ҳунарга ўқитиш бўйича буюртмаларни тўғридан-тўғри давлат техникумларига жойлаштириш ва молиялаштиришга рухсат берилади.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари раислигида касб-ҳунар таълимини ривожлантириш бўйича тадбиркорларнинг ҳудудий кенгашлари ташкил этилади.
Кенгашнинг асосий вазифалари:
- ҳудуднинг ўрта бўғин кадрларига бўлган эҳтиёжини аниқлаш, халқаро таълим дастурлари, ўқувчилар амалиёти ва дуал таълимни ташкил этиш;
- битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, техникумлар профилини ўзгартириш ва таълим дастурлари мазмунини такомиллаштириш.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:
- Касбий таълим агентлигининг асосий вазифалари ва ташкилий тузилмаси;
- Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидан Касбий таълим агентлиги тизимига ўтказиладиган тузилмалар рўйхати;
- Касбий таълими агентлиги тизимига ўтказиш орқали қайта ташкил этиладиган техникумлар рўйхати;
- Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимида ташкил этиладиган малакани баҳолаш марказлари рўйхати ва бошқалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.10.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





 
                    