03.11.2025 йилда "Ноширлик фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-1093-сон Қонун қабул қилинди.
Қонун 151-модда билан тўлдирилди.
“151-модда. Бош муҳаррир” қисмида бош муҳаррирнинг ҳуқуқий мақоми белгиланди
Бош муҳаррир – нашриёт таҳририятининг ижодий фаолиятига раҳбарлик қилувчи, ноширлик фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатлари, техник регламентлар (миллий стандартлар) талабларига мувофиқ нашриётнинг мавзули режаларини ишлаб чиқиш ва нашрларни тайёрлаш учун масъул шахс.
Бош муҳаррир лавозимига олий маълумотга ва ноширлик фаолиятида камида уч йиллик иш стажига эга бўлган шахс тайинланади. Бош муҳаррир муассис (муассислар) ёки ташкилот раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
Нашриёт нашрларини чиқариш тўғрисидаги қарор бош муҳаррир томонидан қабул қилинади.
Бош муҳаррир нашриётнинг ижодий фаолияти учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгардир.
Бош муҳаррир нашрларнинг мавзуларидан келиб чиққан ҳолда тегишли экспертлар ва олимлар ёки илмий-тадқиқот муассасаларининг тақризларини мустақил равишда олиш ёки уларни муаллиф (муаллифлар) дан тақдим этишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.11.2025 йилдан кучга кирди.




