Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Относятся ли к представительским расходы на банкет для иностранцев, работающих дистанционно Что изменилось в правилах выпуска и обращения банковских карт в Узбекистане Относятся ли к представительским расходы на банкет для иностранцев, работающих дистанционно Кого и с какого возраста можно принимать на работу Кого и с какого возраста можно принимать на работу

Бизнесни комплекс рўйхатдан ўтказиш тизими жорий этилмоқда

17.11.2025

Читать на русском языке

Президентнинг 14.11.2025 йилдаги "Бизнес юритишни ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштиришга доир навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-214-сон Фармони қабул қилинди.

 

Ҳужжатнинг мақсади тадбиркорларнинг маъмурий харажатларини 90 млрд сўмгача қисқартириш, шунингдек, давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик жараёнларида уларнинг вақтини 15 кунгача тежашдан иборат.

 

2026 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда қуйидаги хизматлар "Бизнесни 15 дақиқада бошлаш" тамойили асосида бир вақтнинг ўзида кўрсатилади:

  • электрон рақамли имзо калитини тақдим этиш;
  • банк ҳисобварақларини очиш ва фаоллаштириш учун ариза бериш;
  • фаолиятнинг айрим турлари бўйича лицензия, рухсатнома ёки хабарнома олиш учун ариза юбориш;
  • кўчмас мулк ижараси шартномасини расмийлаштириш;
  • қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномасини олиш (гувоҳнома солиқ хавфи даражаси аниқлаштирилмаган ҳолда автоматик тарзда бериладиган солиқ тўловчиларга);
  • онлайн назорат-касса машиналарини онлайн харид қилиш ва уларни солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш;
  • юридик шахс раҳбарини тайинлаш ва уни "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексида ҳисобга қўйиш.

 

"Бизнесни 15 дақиқада бошлаш" тамойили доирасида:

  • тадбиркорлик субъекти ихтиёрий равишда ўз танлови асосида ҳар бир хизматдан фойдаланади;
  • танланган хизматлар бўйича ягона QR-код орқали тўловни амалга ошириш имконияти яратилади.

 

Шунингдек, 2026 йил 1 январдан якка тартибдаги тадбиркорларга фирма номига эга бўлишга рухсат берилади. Тадбиркорлик субъектларининг бирламчи маълумотлари (исми, фамилияси, отасининг исми, фирма номи, манзили, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва бошқалар) ўзгарган тақдирда, ушбу маълумотлар бўйича ўзгартиришлар якка тартибдаги тадбиркор гувоҳномасига, лицензиялар, рухсатномалар ва хабарномаларга идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан автоматик тарзда бепул киритилади. Бунда:

  • якка тартибдаги тадбиркорнинг исми, фамилияси ва отасининг исми ўзгарганлиги тўғрисидаги маълумотлар ИИВнинг "ID-карта" автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тақдим этилади;
  • бошқа маълумотлар Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимидан "Лицензия" ахборот тизимига белгиланган тартибда реал вақт режимида тақдим этилади.

 

Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш

 

2026 йил 1 мартдан бошлаб лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасида ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун юридик шахсларга жарима қўлланилганда уларнинг мансабдор шахсларини маъмурий жавобгарликка тортиш тартиби бекор қилинади.

 

Шунингдек, лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олишда "Лицензия" АТда ихтиёрий равишда дастлабки баҳолаш хизмати жорий этилади, бунда:

  • дастлабки баҳолаш доирасида бино ва иншоотлар, асбоб-ускуналар, ходимлар ва бошқалар тўғрисидаги маълумотларнинг лицензия ва рухсатнома олиш талабларига мувофиқлиги ўрганилади ҳамда тегишли хулоса берилади;
  • дастлабки баҳолаш хизмати 20 кундан ошмаган муддатда кўрсатилади, шунингдек тегишли лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғимдан ошмайдиган миқдорда тўлов ундирилади.

 

Ҳужжат билан тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш юкини камайтириш ҳамда бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича "Йўл харитаси" тасдиқланди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.11.2025 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова