Президентнинг "Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат Президентнинг 19.11.2025 йилдаги "Ўзбекистон Республикасида уй-жой ва ипотека бозорини барқарор ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-219-сон Фармонига мувофиқ урбанизация ва уй-жой соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, шунингдек, ушбу соҳада давлат органлари ўртасида ўзаро интеграцияни таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Урбанизация, уй-жой бозори ва ипотекани барқарор ривожлантиришнинг асосий вазифалари:
- аҳоли учун уй-жойга эгалик қилиш имкониятини ошириш;
- уй-жой қурилишида реновация асосида қурилаётган уй-жойлар улушини босқичма-босқич ошириб бориш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни уй-жой билан таъминлаш;
- ортиқча уй-жой қурилиши ёки унинг етишмаслигининг олдини олиш.
Миллий қўмита урбанизация жараёнлари, уй-жой қурилиши, реновация ва ипотека соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек, ушбу йўналишдаги дастурларни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Қўмита ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамаси билан яқин ҳамкорликда ташкил этади ва амалга оширади. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси урбанизация жараёнларини давлат томонидан тартибга солиш, уй-жой қурилиши, реновация ва ипотека дастурларини амалга ошириш, шунингдек, давлат уй-жой сиёсатини самарали амалга оширишда Миллий қўмитага ҳар томонлама кўмаклашади.
Қарорга кўра, қуйидаги масалаларни ўз ичига олган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Миллий қўмита билан мажбурий тартибда келишилади:
- уй-жой қурилишида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари;
- Нукус ва Тошкент шаҳарлари, вилоятлар марказлари ва бошқа агломерацияларда турар ва нотурар жой мажмуаларини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш;
- "Янги Ўзбекистон" ва бошқа массивларда кўп квартирали уйларни қуриш бўйича йиллик мақсадли кўрсаткичларни тасдиқлаш;
- комплекс қурилиш лойиҳалари амалга ошириладиган ва "Янги Ўзбекистон" массивлари барпо этиладиган ҳудудларни белгилаш.
Миллий қўмита бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 50 та штат бирлигидан иборат бўлиб, Қўмита лойиҳа бошқаруви тамойили асосида ривожланиш лойиҳаларини амалга ошириш учун маҳаллий ва хорижий мутахассислар ва экспертларни, шу жумладан олимлар, илмий изланувчилар ва тадқиқотчиларни тўғридан-тўғри шартномалар асосида жалб қилиши мумкин.
Ҳужжат "Халқ сўзи" газетасида эълон қилинган ва 20.11.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




