Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Если предприятие продает безвозмездно полученные тарные материалы Как работать с маркированными напитками в особых случаях (реализация в розлив, оформление возврата, списание испорченного товара) Как оформлять через ККМ обмен товара (в том числе – испорченного)

Туризм соҳасини тизимли ривожлантириш қандай таъминланади

24.11.2025

Читать на русском языке

Президентнинг "Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш ва туризм соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

 

Мақсад  –  давлат бошқарувини янада такомиллаштириш, туризм соҳасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, шунингдек, миллий туристик маҳсулотлар рақобатбардошлигини таъминлаш.

 

Президентнинг 18.11.2025 йилдаги ПФ-217-сон Фармонига мувофиқ туризм соҳасини 2030 йилгача ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • туризм соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини ҳозирги 3,5 фоиздан 7 фоизга етказиш;
  • йиллик хорижий сайёҳлар оқимини 10 млн нафардан 20 млн нафарга ошириш;
  • туристик хизматлар экспортининг йиллик ҳажмини 6 миллиард доллардан ошириш;
  • Ўзбекистоннинг туристик шаҳарлари ўртасида транспорт алоқасини яхшилаш, ички авиақатновлар сонини кўпайтириш ва йўлга кетадиган вақтни камида 3 баробарга қисқартириш;
  • 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар сонини 2 баробарга ошириш;
  • туристик хизматлар ва маҳсулотларни диверсификациялаш;
  • Ўзбекистоннинг таниқли сайёҳлик брендини яратиш ва миллий сайёҳлик маҳсулотларини илгари суриш учун янги воситаларни жорий этиш.

 

Қўмита Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

 

Миллий туризм маҳсулотларини тарғиб қилиш учун хорижий давлатларда Қўмитанинг ваколатхоналари ташкил этилади.

  • 2026-2028 йилларда қуйидаги лойиҳалар ва чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган:
  • Самарқанддаги энг муҳим тарихий объектларни боғловчи 6,6 км узунликдаги туристик маршрутни ташкил этиш бўйича "Самарқанд мероси йўли" лойиҳаси;
  • Хива шаҳридаги "Ичан-Қалъа" мажмуасини аҳоли турмуш тарзи, савдо шохобчалари, хизмат кўрсатиш нуқталари ва коммуникация тизимини тарихий муҳит билан уйғунлаштирган ҳолда дунёдаги ягона иммерсив ва "ақлли" шаҳар-музейга айлантириш;
  • Тошкент модернизм ёдгорликларини ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича материаллар тақдим этиш, шунингдек, дунё миқёсида энг кўп мозаикаларга эга шаҳар сифатида тан олинишига эришиш.

 

Шунингдек, дунёга машҳур кийим-кечак брендлари савдо-кўнгилочар мажмуаларга ва шаҳарлар чеккасида (атрофида) миллий архитектура услубига асосланган замонавий аутлет-марказларни ташкил этишга қуйидаги тартибда жалб этилади:

  • биринчи босқичда (2030 йилгача) – Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивада;
  • иккинчи босқичда (2030 йилдан бошлаб) – туризм салоҳияти юқори бўлган бошқа аҳоли пунктларида.

 

Туризм соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

 

2026 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетишда чет эл фуқаролари томонидан илгари сотиб олинган товарлар учун тўланган ҚҚС суммасини қайтариш уларнинг хоҳишига кўра нақд пулда амалга оширилиши мумкин.

 

2026 йил 1 мартдан бошлаб Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

  • ҳар йили 10 та энг яхши лойиҳа учун туристик стартапларни – янги турдаги туристик хизматларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, бироқ 1 млрд сўмдан ошмаган миқдорда субсидиялар ажратилади;
  • меҳмонхоналарнинг халқаро тан олинган "яшил" сертификатларни олиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.

 

2026 йил 1 апрелдан бошлаб халқаро конференция ва тадбирларни (MICE -туризм) ташкил этган ҳамда уларга камида 100 нафар хорижий туристларни жалб қилган тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу тадбирларни ташкил этишда тўланган ҚҚС суммасининг 50 фоизини қайтариш тартиби жорий этилади.

 

2027 йил 1 январга қадар туризм соҳаси субъектлари томонидан импорт қилинадиган автобуслар, электробуслар ва микроавтобуслар божхона божидан озод этилади.

 

Бундан ташқари, Қорақалпоғистонда рўйхатдан ўтган ва лицензияга эга бўлган туроператорларга экстремал турларни ташкил этиш учун ҳажми 2,4 литрдан кам бўлмаган юқори ўтказувчан двигателли транспорт воситаларини импорт қилишда, истисно тариқасида, амалдаги ставканинг 25 фоизи миқдорида божхона божи ва утилизация йиғимини 3 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.

 

Туризм соҳаси субъектлари томонидан импорт қилинадиган автобуслар, электробуслар ва микроавтобусларга, уларнинг сонидан қатъи назар, битта сертификат беришга рухсат этилади.

 

2030 йил 1 январга қадар "Brand Finance" компаниясининг топ-50 рейтингига кирувчи брендни жалб қилган ҳолда меҳмонхона қурилишини бошлаган ва бренд билан дастлабки келишувга эга бўлган тадбиркорлик субъектлари меҳмонхонани ушбу бренд талабларига мувофиқ қуриш ва жиҳозлашда олиб кириладиган асбоб-ускуналар, техника, транспорт воситалари, мебель ва инвентарлар учун божхона божини тўлашдан озод этилади.

 

Туризм соҳасини рақамлаштириш

 

2026 йил 1 июлдан бошлаб ишга тушириладиган Ягона миллий туризм платформаси ва унинг мобил иловаси орқали:

  • туристик электрон СИМ-картани улаш ва хорижий туристларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш уларнинг розилиги асосида Давлат чегарасини кесиб ўтишда тўпланадиган маълумотларни интеграция қилган ҳолда проактив шаклда амалга оширилади;
  • мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча транспорт турларини интеграция қилган ҳолда саёҳат йўналишини тузиш, энг мақбул йўналиш ва транспорт турини танлаш, чипталарни онлайн бронь қилиш ва харид қилиш имконияти яратилади;
  • барча туристик объектларга, шу жумладан музейларга, маданий мерос, маданият, кўнгилочар ва дам олиш объектларига чипталарни онлайн харид қилиш имконияти билан "ягона чипта" тизими жорий этилади;
  • интерактив хариталар, планшетлар, "аудио ёрдамчи," "видео ёрдамчи" ва онлайн трансляциялар орқали туристик объектлар ҳақида маълумот бериш имконини берувчи экскурсияларни ўтказиш учун "рақамли гид" тизими ишга туширилади;
  • аҳоли томонидан дала ҳовлиларни ижарага бериш "Солиқ" мобил иловаси орқали "мен билан бирга" шаклида дам олувчилар сонини кўрсатган ҳолда соддалаштирилган тартибда бир шахс номига расмийлаштириш орқали амалга оширилади.

 

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:

  • Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси фаолиятининг асосий йўналишлари ва унинг ташкилий тузилмаси;
  • Туризмни жадал ривожлантириш ва соҳада давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича "Йўл харитаси."

 

Ҳужжат "Халқ сўзи" газетасида эълон қилинган ва 20.11.2025 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова