Аграр соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими тубдан такомиллаштирилади Президентнинг 21.11.2025 йилдаги ПФ-224-сон Фармони билан аграр соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари белгиланди.
Ҳужжатда қуйидаги мақсадлар белгиланган:
- аграр соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини рақамлаштириш орқали меҳнат ва вақт ресурсларини 2 баробарга қисқартириш, ажратилаётган маблағлар самарадорлигини ошириш;
- 2028 йил якунига қадар озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини унификация қилиш орқали уларга кўрсатиладиган давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари сонини 50 фоизгача қисқартириш;
- соҳадаги қўллаб-қувватлаш чоралари самарадорлигини ошириш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2030 йилгача босқичма-босқич 20 фоизга ошириш.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Аграр соҳада тўловлар агентлиги ташкил этилади ва унга қуйидаги вазифалар юкланади:
- озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш;
- кўрсатилаётган ёрдамнинг самарадорлиги, мониторинги ва таҳлили кўрсаткичларини ишлаб чиқиш;
- қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этишнинг аризалар топшириш, уларни кўриб чиқиш ва маъқуллашдан бошлаб тўлов жараёнигача бўлган барча босқичларини тўлиқ рақамлаштириш.
2026 йил 1 январдан бошлаб қўллаб-қувватлаш чоралари (тасдиқланган рўйхат бўйича) Агентлик томонидан тақдим этилади, бундан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ажратиладиган имтиёзли ресурслар ва фоизли харажатлар билан боғлиқ чоралар мустасно. Шу билан бирга, бир қатор алоҳида қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш тўхтатилади.
Кейинчалик қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини молиялаштириш тадбиркорлик субъектлари учун алоҳида махсус ҳисобварақ очиш орқали амалга оширилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Аграр соҳада тўловлар агентлиги фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича "Йўл харитаси" тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.11.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




