Президентнинг 03.12.2025 йилдаги ПФ-240-сон Фармони билан хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
Асосий мақсадлар:
- маҳаллаларда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари фаолиятини кенгайтириш;
- 2026-2027 йилларда "Hamroh" аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш компанияси томонидан 6 минг нафар хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш, 2,8 минг нафарини ўқитиш ва 2 минг нафарини қўллаб-қувватлаш учун 2 трлн сўм йўналтирилади.
Лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш
Маҳаллалардаги Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари учун ҳокимликлар захирасидан 300 кв. метргача бўлган ер участкалари доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида, шунингдек, бўш турган давлат мулки объектлари ёки уларнинг бир қисми оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ажратилади.
Туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан ташкил этилган Марказлар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармалари томонидан тикувчилик, қандолатчилик, фитнес, шейпинг, хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун ижарага берилади.
"Hamroh" аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида 2026 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги қўшимча воситалар жорий этилади:
- таъсисчилари таркибида хотин-қизлар улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ва (ёки) раҳбарлар хотин-қизлар бўлган, камида 10 та иш ўрни яратишни назарда тутувчи кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларига банклар томонидан БҲМнинг 25 000 бараваригача миқдорда, МБнинг асосий ставкасидан 10 фоиз пунктгача юқори ставкада кредитлар ажратиш;
- "Бизнесни кафолатлаш миллий компанияси" АЖ томонидан кредитларнинг 70 фоизигача бўлган қисмига кафолат (кафиллик) бериш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 04.12.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.




