Вазирлар Маҳкамасининг 10.12.2025 йилдаги 778-сон қарори билан Экоҳудудларда туристик сўқмоқларни ташкил этиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Президентнинг 12.01.2024 йилдаги ПҚ-21-сон қарорига мувофиқ давлат қўриқхоналарининг буфер зоналарида, миллий табиат боғларида, питомникларда, ўрмон ва ўрмон-ов хўжаликларида, тоғли ва чўл ҳудудларида (экоҳудудларда) туристик сўқмоқларни ташкил этиш тартиби ишлаб чиқилди.
Туристик сўқмоқ кенглиги 1 метр ва узунлиги 1 километрдан кам бўлмаган, дам олиш, куч-қувватни тиклаш, соғломлаштириш ва табиат билан танишиш мақсадида экоҳудудлар бўйлаб пиёда, шунингдек, отда, велосипедда, қорда юрадиган машиналарда ва бошқа ҳаракатланиш воситаларида (автомобиллардан ташқари) ҳаракатланиш учун мўлжалланган йўлакдир.
Туристик сўқмоқнинг йўналиши ёнғин ва техника хавфсизлиги, санитария меъёрлари ва гигиена қоидаларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.
Туристик сўқмоқни ташкил этиш учун балансда сақловчи (экоҳудуддан мулк ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида фойдаланувчи жисмоний ёки юридик шахс) тегишлилиги бўйича Туризм қўмитасининг ҳудудий бўлинмасига ариза билан мурожаат қилади. Аризага туристик сўқмоқ тўғрисидаги маълумотнома, унинг харитаси, фото ва видео тасвирлари илова қилинади.
Ариза келиб тушган кундан бошлаб 10 иш куни ичида кўриб чиқилади.
Ҳудудий бўлинма туристик сўқмоқнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини жойига чиққан ҳолда ўрганади, ўрганиш натижалари бўйича 2 нусхада далолатнома тузади.
Туризм қўмитаси ҳудудий бўлинма томонидан юборилган ҳужжатларни 2 иш куни ичида кўриб чиқади ва туристик сўқмоқни Туристик сўқмоқларнинг ягона реестрига киритади.
Балансда сақловчи реестрга киритилган кундан бошлаб 1 ой мобайнида туристик сўқмоқнинг бошланғич нуқтасида паспорт ва харитани, шунингдек ахборот белгиларини ўрнатади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.12.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




