Президентнинг 11.12.2025 йилдаги "Ахборот ва рақамли технологиялар соҳаларида давлат назорати тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-371-сон қарори қабул қилинди.
Чора-тадбирлар ахборотлаштириш, телекоммуникациялар ва ахборотни тарқатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтиришга қаратилган.
Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича инспекция ушбу соҳадаги ваколатли орган этиб белгиланди. Унинг зиммасига рақамли технологиялар, телекоммуникациялар ва почта алоқаси соҳасида давлат назорати, оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олиш, шунингдек, қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторинг олиб бориш вазифалари юклатилган.
Қарорда болаларни уларнинг соғлиғи ва ривожланишига зарар етказиши мумкин бўлган ахборотдан ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Инспекция ОАВ ва онлайн платформаларда тарқатилаётган ахборот маҳсулотларининг тили, ҳажми, давомийлиги ва ёшга оид таснифини, шунингдек, контентнинг кўрсатилган ёш тоифасига мувофиқлигини назорат қилади.
Қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, ахборот маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ва тарқатувчиларга қоидабузарликларни бартараф этиш ва уларнинг такрорланишига йўл қўймаслик тўғрисида мажбурий кўрсатмалар юборилади.
Бундан ташқари, 2027 йил 1 январгача "Рақамли назорат" платформасини ишга тушириш режалаштирилган. У рақамли ва телекоммуникация хизматлари сифатини, шу жумладан олис ҳудудларда кузатиб бориш, ахборот тизимлари ишидаги узилишларга тезкор жавоб бериш, фуқаролар ва ташкилотлар мурожаатларини кўриб чиқишни таъминлаш имконини беради.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.12.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



