Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқланди Президентнинг 24.12.2025 йилдаги ПФ-256-сон Фармони билан 2026-2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси ва уни 2026-2027 йилларда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
2026 йил 1 февралдан зўравонлик оқибатида оиладан ажратиб олинган, ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати жорий этилади. Бунда:
- профессионал тутинган оилани ташкил этишга талабгорлар ижтимоий реабилитация дастурлари асосида ўқитилади;
- танлаб олинган болалар "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари билан тузилган шартнома асосида профессионал тутинган оилаларга жойлаштирилади;
- ҳар бир болани парваришлаш харажатлари учун Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар ойда ЭКИҲнинг икки баравари миқдорида пул маблағлари тўланади;
- ҳар бир боланинг яшаш харажатлари учун оилавий болалар уйлари тарбияланувчиларининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган яшаш харажатлари миқдорида маблағ ажратилади.
Биринчи босқичда Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида, 2026 йил якунига қадар республиканинг бошқа ҳудудларида болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ихчам марказлар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, жинсий зўравонлик оқибатида оиладан ажратиб олинган болалар мажбурий тартибда алоҳида жойлаштириш шарти билан "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари томонидан Республика аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказининг ҳудудий марказларига жойлаштирилиши мумкин.
Ҳужжат билан 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб:
- зўравонликдан жабр кўрган ёки зўравонлик гувоҳи бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади;
- такрорий жароҳатларни минималлаштириш учун зўравонликдан жабрланган болаларнинг дастлабки кўрсатмалари мажбурий тартибда видеоёзув орқали қайд этилади;
- мулкчилик шаклидан қатъи назар, таълим, соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ташкилотлари ходимлари томонидан болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ аниқланган ҳолатлар тўғрисида хабар бермаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилади.
Болалар учун ижтимоий хизматларни ташкил этиш
2026 йил 1 мартдан бошлаб "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) учун "меҳрибон оила" хизмати ташкил этилади. Уларга бепул оилавий терапия хизматлари кўрсатилади.
Ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар уларнинг хулқ-атвори, истеъдоди ва қизиқишларини инобатга олган ҳолда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг йўлланмаси асосида туман (шаҳар) болалар масалалари бўйича комиссиясининг қарорига кўра ўқув йили давомида таълим ташкилотларига (рўйхат бўйича) жойлаштирилиши мумкин.
А.И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг Тошкент шаҳридаги филиали Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тузилмасига ўтказилмоқда. Қуйидагилар Филиал фаолиятининг қўшимча йўналишлари этиб белгиланди:
- инклюзив ва махсус таълим, геронтология, психология, ижтимоий педагогика, адаптив спорт, ҳаёт фаолиятининг турли соҳаларида ижтимоий иш, оила ва болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш;
- инклюзив ва махсус таълим, адаптив спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
- инклюзив ва махсус таълим, геронтология, психология ва бошқа йўналишлар бўйича тадқиқотлар олиб бориш.
2026 йил 1 апрелга қадар ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар, зўравонлик содир этган ёки зўравонлик содир этишга мойиллиги бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳамда бундай маълумотларни алмашиш функциясига эга бўлган Ягона электрон платформани ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 24.12.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



