21.01.2026 йилдаги ЎРҚ-1115-сон Қонун билан сунъий интеллектдан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатлар тартибга солиниши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонунга қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда:
- сунъий интеллект тушунчасининг таърифи ва ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари;
- ахборот ресурсларини яратишда ва ахборот тизимлари ишида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг умумий қоидаларини белгилаш;
- сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга ноқонуний ишлов берганлик учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш.
Сунъий интеллектни қўллаган ҳолда яратилган ахборот ресурслари ва тизимлари инсонга, унинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги, шаъни ва қадр-қимматига зарар етказмаслиги, шунингдек унинг бошқа дахлсиз ҳуқуқларини бузмаслиги керак.
Ҳужжат билан шахсга доир маълумотларга сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда қонунга хилоф равишда ишлов берганлик, шунингдек уларни интернетда ва ОАВ орқали тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Ушбу талабни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик қўлланилади.
Қоидабузарлар учун БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси кўзда тутилган. Шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этишда фойдаланилган техник воситалар ҳам мусодара қилиниши лозим.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.01.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





