Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Учитывать ли при расчете средней зарплаты оплату работы сверхурочно и в нерабочие дниПочему в отчетности по НДФЛ отражается налог физлица от сдачи недвижимости в безвозмездное пользованиеКакая ответственность предусмотрена за нарушения в сфере импортаКак учитывать возврат товара в рознице

Солиқ низоларини кўриб чиқиш: Япония амалиёти қандай сабоқ беради?

10.03.2026

Читать на русском языке

Японияни кўпинча шарқдаги географик жойлашуви, ривожланган технологиялари, бой маданияти ва ўзига хос анъаналарига урғу бериб, "кунчиқар мамлакат" деб аташади. Муаллиф 2025 йил охирида Токио шаҳар судига ташриф буюриб, маъмурий шикоятларни кўриб чиқиш амалиётини ўрганиш чоғида танишишга муваффақ бўлган суд тизими ҳам ушбу мамлакатнинг ўзига хос хусусиятларидан бири ҳисобланади. 

 

Суд тизими қурилишининг ўзига хос хусусиятлари

 

Японияда ягона суд тизими амал қилади, унинг ичида ихтисослашув ҳайъатларни шакллантириш орқали амалга оширилади: фуқаролик ишлари бўйича алоҳида, маъмурий ва бошқа тоифалар бўйича алоҳида. Бундай ёндашув судларнинг ташкилий тузилмаси бирлигини сақлаб қолган ҳолда низоларни кўриб чиқишнинг зарур чуқурлигини таъминлаш имконини беради.

 

Мансабдор шахсларнинг қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигидан норози бўлган шахслар маъмурий шикоят билан судга мурожаат қилишга ҳақли. Агар қонун ҳужжатларида маъмурий шикоят тегишли маъмурий органда судгача кўриб чиқилиши шартлиги назарда тутилган бўлса, у ҳолда бевосита судга мурожаат қилишга йўл қўйилмайди, бу эса шикоят беришнинг аниқ кетма-кетлигини белгилайди.

 

Маъмурий шикоятларни кўриб чиқиш тартиби

 

Маъмурий шикоятлар биринчи инстанция судларида умумий тартибда судья томонидан якка тартибда, апелляция ва кассация шикоятлари эса ҳайъатда кўрилиши мумкин. Амалиётда мураккаб тоифадаги ишлар, шу жумладан солиқ низолари бўйича ишлар кўпинча биринчи инстанция судидаёқ коллегиал тарзда кўриб чиқилади, бу эса томонларнинг ҳолатлари ва ҳуқуқий далилларини янада мувозанатли баҳолашни таъминлайди.

 

Иш дастлаб суд девонхонаси орқали қабул қилинади, зарур ҳолларда унинг ходимлари иштирокида ҳужжатлардаги камчиликлар бартараф этилади, шундан сўнг материаллар электрон шаклда судьялар ўртасида тақсимланади. Қонун маъмурий ишларни кўриб чиқишнинг қатъий максимал муддатларини белгиламайди, шунинг учун алоҳида ишлар низонинг мураккаблиги ва суднинг иш юкламасини ҳисобга олган ҳолда узоқ вақт, бир йилгача ва ундан кўпроқ вақт давомида иш юритишда бўлиши мумкин.

 

Давлат вакилларининг роли ва процессуал кафолатлар

 

Қонун тарафларни эшитиш, дастлабки ҳимоя чораларини қўллаш, экспертлар, гувоҳлар ва процесснинг бошқа иштирокчиларини жалб қилиш тартибини батафсил тартибга солади. Давлат органларининг ҳужжатлари низолаштириладиган ишларда давлат ёки тегишли оммавий тузилма жавобгар бўлиб, унинг манфаатларини тегишли органларнинг ваколатли вакиллари ҳимоя қилади, бу эса низони кўриб чиқишда давлатнинг институционал иштирокини таъминлайди. 

 

Суд томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарори қонунда белгиланган тартибда, фуқаролик ва маъмурий процессуал қонун ҳужжатларида назарда тутилган мажбурий ижро этиш механизмларидан фойдаланган ҳолда ижро этилиши лозим. Шундай қилиб, маъмурий ишлар бўйича суд ҳимояси суд ҳужжатларини ҳақиқий ижрога етказишнинг реал воситалари билан тўлдирилади. 

 

Солиқ низолари ва экспертлар иштироки

 

Япония судларида энг кўп кўриб чиқиладиган тоифадаги ишлардан бири солиқ низоларидир. Уларни ҳал этиш сифатини ошириш учун судлар ҳузурида солиқ органлари ва профессионал солиқ ҳамжамиятининг тажрибали ходимлари орасидан жалб қилинган солиқ мутахассислари ишламоқда. Бунда уларнинг меҳнати суд тизими маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

 

Ушбу мутахассислар судьянинг топшириғига асосан солиқ низолари бўйича хулосалар тайёрлайдилар, ушбу тоифадаги ишлар бўйича суд амалиётини ўрганадилар ва ўз хулосаларини фақат судьяга, маърузачига тақдим этадилар. Уларнинг хулосалари иш материалларига қўшиб қўйилмайди, юқори инстанция судлари эса улар билан бевосита танишмайди, зарур ҳолларда тегишли мутахассислар хизматидан ҳам фойдаланишлари мумкин. Мутахассисларнинг ўзлари суд мажлисларида иштирок этмай, суднинг "яширин" маслаҳатчилари бўлиб қолмоқдалар.

 

Япония тажрибасини Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари

 

Ўзбекистон Республикасининг маъмурий судларида ҳам кўплаб солиқ низолари кўриб чиқилади, қўшимча ҳисобланган солиқлар ва жарималар миқдори кўпинча сезиларли бўлади. Шу билан бирга, судьялар, одатда, солиқ солиш соҳасида тор мутахассислар ҳисобланмайди, бу эса мураккаб молиявий-ҳуқуқий тузилмалар ва солиқ маъмуриятчилигининг ўзига хос хусусиятларини баҳолашни объектив равишда мураккаблаштиради.

 

Шу муносабат билан япон моделининг айрим элементларини, биринчи навбатда, судьялар учун тадқиқот ва маслаҳат функциясини бажарадиган судлар ҳузуридаги ихтисослаштирилган солиқ экспертлари институтини жорий этиш имкониятини ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Солиқ ҳуқуқий муносабатларининг мураккаблашуви шароитида бундай ёндашув суд қарорларининг сифатини ошириши, иш ҳолатларини чуқурроқ таҳлил қилишни таъминлаши ва шу билан солиқ ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишга бўлган ишончни мустаҳкамлаши мумкин.

 

Дилмурод Каримов,

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси.