Президентнинг 25.03.2026 йилдаги «Экомаданият» умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-110-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатда кўзда тутилган асосий мақсадлар:
- 2026-2027 йилларда республиканинг ҳар бир ҳудудида ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш бўйича 14 та «яшил» техникумлар фаолиятини йўлга қўйиш;
- 2030 йилгача «яшил» техникумларда 10 минг нафар ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш учун экологик таълимни янада ривожлантириш;
- 2026-2028 йилларда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши соҳасида илмий даража олган номзодлар сонини 150 нафарга етказиш.
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб таълим муассасалари (тасдиқланган рўйхат бўйича) «яшил» техникумларга айлантирилиб, уларда ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш тизими жорий этилади.
«Яшил» техникумлар Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетига (Green University) бириктирилади.
Университет ва «яшил» техникумларда таълимнинг амалиёт билан узвийлиги таъминланади, улар учун ўрмон хўжаликлари, гидрометеорология станциялари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва бошқаларнинг амалий участкалари ташкил этилади.
2026 йил 1 майдан бошлаб «10 минг қадам» тажрибаси, шунингдек, «Соғлом турмуш тарзи» платформаси фаолияти тикланади. Ёшларни рағбатлантириш учун эса қуйидаги даражалардаги «Ёш эколог» кўкрак нишони таъсис этилади:
- III даража – мактаб ўқувчилари учун;
- II даража – техникум ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабалари учун;
- I даража – табиатни муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ва маҳаллий даражада юқори натижаларга эришган ёшлар учун.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:
- Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) ва унинг тизимидаги таълим ташкилотларини ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар режаси;
- Green University’да жорий этиладиган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари рўйхати;
- Green University ва унинг тизимидаги илмий ташкилотларнинг 2026-2029 йилларга мўлжалланган илмий тадқиқотлар дастури.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.03.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



