Президентнинг 01.04.2026 йилдаги «Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-51-сон Фармони қабул қилинди.
Ҳужжат билан Халқ қабулхоналарининг ягона вертикал тизимини жорий этиш, шунингдек, уларнинг «маҳалла еттилиги», давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари билан яқин ҳамкорлигини йўлга қўйиш вазифалари белгиланмоқда.
2026 йил 1 майдан бошлаб шундай тартиб жорий этиладики, унга мувофиқ Президентнинг Виртуал қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар бўйича вақт назорати режими ўрнатилади, бунда кўриб чиқишнинг белгиланган муддати ўтган мурожаатлар ижро учун автоматик тарзда юқори турувчи давлат органига ўтади.
Мурожаатлар «шошилинч», «оддий», «маслаҳат олишни талаб қиладиган» тоифаларга ажратилиб, назоратга қайтарилган мурожаатлар уч иш куни ичида юқори турувчи органлар томонидан қайтадан ўрганиб чиқилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг ҳисоботларини, ҳокимларнинг ҳисоботларини Сенат ёки халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида эшитиш ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.
Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари Халқ қабулхоналари билан биргаликда жойларда мурожаатлар билан ишлаш ҳолатини ёритиб боради, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича билдирилаётган эътирозларни ўрганади ва бу уларнинг фаолияти самарадорлиги кўрсаткичларида акс этади.
Юридик шахс мақомига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ташкил этилади. Президентнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги, шунингдек туманлардаги (шаҳарлардаги) Халқ қабулхоналари юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Президент Халқ қабулхоналарининг алоҳида бўлинмалари сифатида фаолият юритади, шунингдек маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан шакллантирилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти қабули тўғрисидаги сўров билан мурожаатлар билан ишлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 02.04.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



