Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи (03.04.2026 й. АВ рўйхат рақами 3806-сон) билан Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида самарадорлиги ўрганилган, лекин исбот топмаган ҳамда самарадорлиги ўрганилмаган дори воситаларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Мазкур тартиб Президентнинг 19.08.2025 йилдаги «Дори воситалари ва тиббий жиҳозлар муомаласини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–137-сон Фармонига мувофиқ жорий этилмоқда.
Низомга кўра, дори воситаларининг самарадорлиги эндиликда 12 та халқаро илмий манбалар (рўйхат бўйича) асосида текширилади. Баҳолашни соҳа йўналишлари бўйича мустақил экспертлардан ташкил топган Илмий комиссиялар амалга оширади.
Самарадорликни ўрганиш натижаларига кўра, дори воситалари учта тоифадан бирига киритилади:
- самарадорлиги ўрганилган ва исбот топган (халқаро илмий манбалар билан тасдиқланган);
- самарадорлиги ўрганилган, лекин исбот топмаган (халқаро илмий маълумотларга кўра);
- самарадорлиги ўрганилмаган (халқаро илмий манбаларда маълумотлар мавжуд эмас).
Ўрганиш натижалари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасаси расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.
Низом талаблари қуйидаги дори воситаларига нисбатан татбиқ этилмайди:
- давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган маҳаллий оригинал дори воситаларига;
- гомеопатик дори воситаларига;
- гален препаратларига;
- сиртга қўллаш учун таъсир этувчи, қитиқловчи, яллиғланишга қарши ва маҳаллий оғриқсизлантирувчи, антисептик ва микробларга қарши таъсирга эга женерик дори воситаларига.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 05.07.2026 йилдан кучга киради.
Лола Абдуазимова



