Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Нужно ли оформлять ЭСФ при продаже доли в УФ Как неработающие, самозанятые и ИП могут получать пособия по беременности и родам с 1 января 2026 года Как учитывать рекламные акции Как учитывать рекламные акции

Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизими ислоҳ қилинмоқда

08.04.2026

Читать на русском языке

Президентнинг 2026 йил 3 апрелдаги «Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-123-сон қарори қабул қилинди.

 

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 10.04.2019 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги ПФ-5706-сон Фармони асосида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ташкил этилган эди.

 

Қарорга мувофиқ, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фуқаро муҳофазаси институти ҳамда Бошланғич тайёргарлик ва малака ошириш маркази қайта ташкил этилиб, Академия ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институти ва Малака ошириш маркази этиб белгиланди.

 

Академиянинг ягона таълим кампусида қуйидагилар ташкил этилади:

  • Академия ҳузуридаги Қутқарувчилар тайёрлаш техникуми;
  • Хорижий кадрларни тайёрлаш факультети.

 

Техникумни ташкил этишдан мақсад – қутқарув ва авария-тиклаш ишларида бевосита иштирок этадиган мутахассисларни тайёрлашнинг амалиётга йўналтирилган бўғинини шакллантиришдир.

 

Хорижий кадрларни тайёрлаш факультети эса таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиради ва чет эл давлатлари учун мутахассислар тайёрлаш учун асос яратади.

 

Академиянинг икки босқичли олий таълим тизими доирасида қуйидаги шаклларда кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади:

  • бакалаврлар тайёрлаш: ҳарбий таълим йўналишларида кундузги шаклда давлат гранти асосида, умумфуқаровий йўналишларда эса кундузги, кечки ва масофавий шаклларда тўлов-контракт асосида;
  • магистрлар тайёрлаш: фавқулодда вазиятлар давлат тизимига кирувчи вазирлик ва идоралар учун ҳарбий ва умумфуқаровий мутахассисликлар бўйича тўлов-контракт асосида кундузги, кечки ва масофавий шаклларда.

 

2027/2028 ўқув йилидан бошлаб Академияда тажриба-синов тариқасида бакалавриат йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлашнинг «2+2» таълим шакли жорий этилади. Бу фундаментал тайёргарликни амалий ихтисослашув билан уйғунлаштиришга имкон беради, бу эса битирувчиларнинг хизмат вазифаларига мослашишига хизмат қилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 03.04.2026 йилдан кучга кирди.

Лола Абдуазимова