Марказий банк Бошқарувининг қарори билан (30.05.2014 й. АВ рўйхат рақами 3817-сон) Тўловларни амалга оширишда ягона QR-код орқали тўлов хизматларини кўрсатиш қоидалари тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 10.12.2025 йилдаги ПФ-246-сон Фармони билан савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги барча юридик шахслар учун тўловларни ягона QR-код орқали қабул қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш белгиланган.
Ягона QR-код харидорларга ўз танловига кўра исталган банк ёки тўлов хизмати иловаси орқали товар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш имконини беради.
Тўлов учун статик ёки динамик QR-коддан фойдаланиш мумкин. Статик код маълум тўлов реквизитларига боғланган, динамик код эса сотувчининг қурилмаси томонидан маълум муддатга автоматик тарзда шакллантирилади.
Тўловларни олувчилар (сотувчилар) ягона QR-кодни банк-экваер билан тузилган шартнома асосида олишлари мумкин. Банк статик кодни босма ёки электрон шаклда тақдим этиш, шунингдек, динамик кодларни генерация қилиш имкониятига эга бўлган қурилмаларни бериш учун жавобгардир.
Статик QR-коддан босма шаклда фойдаланилган тақдирда, у тизим операторининг ўқилиши бўйича талабларига жавоб бериши керак. Кодларни чоп этиш учун голографик ҳимояланган қоғоздан фойдаланишга рухсат этилади.
Банклар ва тўлов хизматлари ўзларининг мобил иловалари бош экранига QR-кодни сканерлаш учун махсус тугмани қўшишлари керак бўлади.
Иловада қуйидаги функциялар бўлиши керак:
- тўлов маълумотларини автоматик равишда қўшиш;
- тўлов суммасини киритиш ёки автоматик равишда қўшиш;
- тўлов учун комиссия миқдорини кўрсатиш (мавжуд бўлса);
- тўлов суммасини тасдиқлаш;
- ҳар бир транзаксия ҳақида онлайн маълумот, шунингдек, тўловлар тарихини кузатиб бориш.
Қоидалар мижозларни қўллаб-қувватлаш хизматини ташкил этишни ҳам назарда тутади. Банклар ва хизматлар илова орқали шикоят юбориш ва вазият ҳақида қўшимча маълумотларни юклаб олиш имкониятини яратиши керак.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.04.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



