Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Нужно ли выставлять ЭСФ на пени Какие льготы получают предприятия, финансирующие научные исследования, по №УП-98 Как облагать налогами пособие по временной нетрудоспособности Как облагать налогами пособие по временной нетрудоспособности

Барқарор токенлар учун махсус ҳуқуқий режим жорий этилмоқда

21.04.2026

Читать на русском языке

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) ва Марказий банк томонидан «Барқарор токенлар айланмасини тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режимини тақдим этиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди (15.04.2026-й. АВ рўйхат рақами 3818-сон).

 

Низом барқарор токенлар муомаласини тартибга солишнинг махсус режимини тақдим этиш, махсус режим иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш, уларнинг фаолиятини мониторинг қилиш, махсус режим иштирокчиси мақомидан маҳрум этиш, шунингдек, махсус режим иштирокчилари реестрини юритиш тартибини белгилайди.

 

Мақсадлар: 

  • тақсимланган реестр технологияси асосида тўлов тизимларини ишлаб чиқиш ва (ёки) барқарор токенларни чиқариш, улар билан операцияларни амалга ошириш ҳамда улардан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш учун қулай шароитлар яратиш;
  • инвестицияларни жалб этиш ва бозорда рақобатни ривожлантириш;
  • инновацион тўлов ечимларини жорий этишга кўмаклашиш;
  • истеъмолчилар ва инвесторларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
  • тажриба-синов лойиҳалари натижалари асосида қонунчиликни такомиллаштириш.

 

Махсус режим доирасида қуйидаги тажриба-синов лойиҳалари амалга оширилиши мумкин:

  • миллий ва (ёки) хорижий валюта билан таъминланган барқарор токенларни чиқариш;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барқарор токенлардан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш;
  • халқаро пул ўтказмаларини (ҳисоб-китобларни) амалга ошириш учун барқарор токенлардан фойдаланиш;
  • тақсимланган реестр технологияси асосида тўлов тизимларини яратиш.

 

Бунда махсус режим доирасида чиқарилиши кўзда тутилган лойиҳаларни амалга ошириш тақиқланади: 

  • алгоритмик барқарор токенлар;
  • анонимлик функциясига эга барқарор токенлар;
  • крипто-активлар билан таъминланган барқарор токенлар.

 

Барқарор токенларни чиқаришга фақат улар миллий ва (ёки) хорижий валютадаги пул маблағлари билан тўлиқ таъминланган тақдирдагина йўл қўйилади. Бунда мазкур маблағлар Марказий банкдаги алоҳида ҳисобварақда захирага қўйилиши лозим.

 

Шунингдек, ахборот ва кибехавфсизлик соҳасида қатъий талаблар жорий этилди.

 

Тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш муддати дастлаб 12 ой этиб белгиланади ва заруратга кўра узайтирилиши мумкин. Бунда умумий муддат 3 йилдан ошмаслиги керак.

 

Махсус режим иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар реестрга киритилади ва ваколатли органнинг (ИЛМА) расмий веб-сайтида эълон қилинади.

 

Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 16.04.2026 йилдан кучга кирган.

Лола Абдуазимова