30.04.2026 йилдаги ЎРҚ-1142-сон Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қонун билан "Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида"ги ва "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги қонунларга тузатишлар киритилмоқда. Улар Ҳукумат аъзолари ва ҳокимлик лавозимларига номзодлар томонидан коррупцияга қарши курашиш режасини тақдим этиш тартибини белгилайди.
Шунингдек, Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодексларига ҳамда "Давлат божи тўғрисида"ги Қонунга қуйидагиларни назарда тутувчи тузатиш ва қўшимчалар киритилди:
• фуқаролик-иқтисодий ишларни кўриб чиқишнинг соддалаштирилган тартиб-таомили учун асос бўлиб хизмат қиладиган талаб миқдорининг оширилиши. Соддалаштирилган иш юритиш тартибида даъво аризалари бўйича ишлар, агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан БҲМнинг 150 (илгари 20), якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан 100 (илгари 10), жисмоний шахсларга нисбатан эса 50 (илгари 5) бараваридан ошмаса;
• махсус иқтисодий ва саноат зоналари дирекцияларини инвестиция шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган хўжалик юритувчи субъектларнинг ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини бекор қилиш бўйича иқтисодий судларга берилган даъволар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилиш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.05.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



