Президентнинг 01.05.2026 йилдаги "Гидроэнергетика соҳасини янада ривожлантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-163-сон қарори қабул қилинди.
"Ўзбекгидроэнерго" АЖнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари:
• 2026 йил охиригача 114 МВт ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва 7,1 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш;
• 2032 йил охиригача:
– умумий қуввати 1 400 МВт бўлган гидроаккумуляция электр станцияларини қуриш;
– 3 266 МВт қўшимча қувватларни яратиш орқали гидроэнергетика қувватларини 2,4 баробарга ошириш;
• лойиҳалаш, қурилиш ва ишлаб чиқариш жараёнларига маҳаллий корхоналарни жалб қилган ҳолда қўшилган қиймат занжирини яратиш орқали миллий лойиҳа моделини жорий этиш;
• 2026-2032 йилларда "Ўзбекгидроэнерго" АЖ маблағлари ҳисобидан миллий лойиҳа модели асосида 550 МВт қувватларни яратиш.
Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш учун қуйидагиларга рухсат берилди:
• "Ўзбекгидроэнерго" АЖ маблағлари ҳисобидан инвестиция лойиҳалари ҳудудларига олиб борувчи йўллар, электр узатиш тармоқлари ва бошқа инфратузилма объектлари қурилишини бир босқичли лойиҳалаш асосида амалга ошириш;
• "Гидропроект" АЖ ва "Ўзсувлойиҳа" АЖ инфратузилма билан таъминланмаган истиқболли ҳудудларда лойиҳа-қидирув ишларини сифатли олиб бориш учун учувчисиз учиш аппаратларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш;
• тасдиқланган лойиҳаолди ҳужжатлари асосида босқичма-босқич ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларини "тайёр ҳолда топшириш" (ЕРС) шартлари асосида амалга ошириладиган миллий лойиҳа доирасида "Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш республика маркази" ДМда экспертизадан ўтказиш;
• "Ўзбекгидроэнерго" АЖ тизимига кирувчи ташкилотларга "Ўзбекгидроэнерго" АЖ ва унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан ўтказиладиган давлат харидларида иштирок этиш.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
• "Ўзбекгидроэнерго" АЖни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари;
• 2026-2032 йилларда республиканинг гидроэнергетика қувватларини оширишнинг мақсадли кўрсаткичлари;
• "Ўзбекгидроэнерго" АЖ томонидан 2026-2032 йилларда амалга ошириладиган лойиҳалар, миллий лойиҳалар, хусусий инвесторлар иштирокидаги ДХШ лойиҳалари рўйхати;
• 2026-2028 йилларда "Ўзбекгидроэнерго" АЖ фаолиятини янада ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш бўйича "Йўл харитаси."
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 04.05.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



