Президентнинг 06.07.2026 йилдаги ПФ-123-сон Фармони билан давлат аудити фаолиятида сунъий интеллект ва рақамлаштиришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари белгиланди.
2026-2030 йилларга мўлжалланган асосий мақсадли йўналишлар:
• бюджет тизими бюджетларида хавфларни эрта аниқлаш самарадорлигини 50 фоизга етказиш;
• бюджет интизомини бузиш ҳолатларини аниқлашни 1,4 бараварга ошириш;
• хавфни таҳлил қилиш механизмларини 30 тага етказиш ва 50 та хизмат ва модулларни яратиш.
2027 йилдан бошлаб Ҳисоб палатаси фаолиятига давлат органларида сунъий интеллектни қўллаш аудити, масофавий ташқи аудит, шунингдек, молиявий аудит, мувофиқлик ва самарадорлик йўналишларида ахборот технологиялари аудити жорий этилади.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб ташқи ва ички давлат қарзи, ДХШ битимлари ва инвестиция шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар (давлатнинг фискал таваккалчиликлари ва шартли мажбуриятлари) ҳисобини юритиш ва улар бўйича фискал хавфларни баҳолаш тартибини жорий этиш режалаштирилмоқда.
"Масофавий аудит" ААТда давлат органлари ва ташкилотларининг бюджет интизоми рейтинги юритиладиган юқори хавфларга эга фаолият йўналишларини акс эттирувчи "Давлат органларининг хавф профили" модули жорий этилади. Бунда рейтинг натижалари ҳар йили 1 мартга қадар эълон қилинади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
• Ҳисоб палатаси фаолиятида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва фойдаланиш сиёсатининг асосий йўналишлари;
• Давлат аудити фаолиятида сунъий интеллект ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича "Йўл харитаси."
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 06.07.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





