Президентнинг 05.08.2026 йилдаги ПҚ–293-сон қарори билан чорвачилик тармоғи лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
2026 йил 1 сентябрдан 2030 йил 1 январга қадар Аграр соҳада тўловлар агентлиги Давлат бюджети ҳисобидан наслчилик хўжаликларига ўстиришга қолдирилган идентификация қилинган урғочи наслдор қорамолларни сақлаш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун ҳар бир давр учун алоҳида қуйидаги миқдорларда субсидия ажратади:
- биринчи наслдор урғочи бузоқ олинганда – 1,5 млн сўм, иккинчи наслдор урғочи бузоқ олинганда – 2 млн сўм;
- олинган бузоқ 12 ойликкача сақланганда – 1 млн сўм, 12 ойдан 18 ойликкача сақланганда — 1 млн сўм.
Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги муассислигида қуйидаги вазифаларни амалга ошириш учун МЧЖ шаклидаги сервис корхонаси ташкил этилади:
- хорижий давлатларда чорвачилик тармоғи лойиҳаларини амалга ошириш;
- хорижий давлатлардан йирик ва майда шохли қорамолларни чорвачилик хўжаликлари ва аҳоли хонадонларига етказиб бериш ҳамда ушбу мақсадлар учун мамлакат ҳудудида импорт карантини пунктларини (зоналарини) ташкил этиш;
- чорва моллари етказиб берилгандан кейин камида 12 ой давомида озиқлантириш, ветеринария, сунъий уруғлантириш, наслчилик ва зоотехник хизматлар кўрсатишдан иборат сервис пакетини тақдим этиш.
Шунингдек, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ҳар йилнинг 1 феврали ва 1 июлига қадар (жорий йилда – 1 сентябрга қадар) чорвачиликка ихтисослашган маҳаллаларда (туманларда) чорва молларини боқиш истагини билдирган ташаббускорлар таклифларини шакллантириб, Агентликка тақдим этади.
Агентлик тақдим этилган таклифлар асосида йирик ва майда шохли қорамолларни ташаббускорларга етказиб беришни ташкил қилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 06.08.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.





