11.09.2026 йилдаги ЎРҚ-1173-сонли Қонун билан электрон тижорат соҳасини такомиллаштиришга қаратилган айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қайд этилишича, рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши электрон тижорат иштирокчилари учун замонавий логистика инфратузилмасига эга миллий электрон тижорат майдонини яратишни, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Қонун билан Солиқ кодексига электрон хизматлар кўрсатувчи ёки электрон савдо платформалари орқали товарлар сотувчи хорижий юридик шахсларга солиқ солишни, уларни ҳисобга олиш, солиқларни ҳисоблаш ва ундириш, солиқ ҳисоботларини тақдим этиш ҳамда солиқларни тўлаш тартибини белгилашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, хорижий маркетплейслар Ўзбекистонда сотилган товарлар учун ҚҚС тўлаши шарт.
Бундан ташқари, “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонунга электрон тижорат субъектлари, электрон савдо платформалари, электрон тижорат иштирокчилари ва операторларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини, электрон тижорат соҳасидаги тўловларни, трансчегаравий электрон тижоратнинг ўзига хос жиҳатларини, шунингдек, рақамли товарлар экспорти ва импортини белгилайдиган ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 12.09.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





