Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Фуқаролар мурожаатлари – мансабдор шахслар ишининг индикаторидир

01.06.2016

Алия ЮНУСОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси шундай ҳисоблайди.

 

Ўзбекистонда корпоратив бошқарув, шаффофлик, жамиятга ҳисобдорлик принципларида амалга оширилаётган давлатни модернизациялаш бугун давлат бошқарувининг сифат жиҳатдан янги моделини биринчи ўринга олиб чиқади, бунда фуқаролар ва улар бирлашмаларининг манфаатлари устувор бўлади. 

 

2014 йил 4 декабрда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун1 (кейинги ўринларда – Қонун) кучга кирди. Ватандошларимиз давлат органларига якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат қилиш бўйича ўз конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда  ўз манфаатларини баён қилишаётир, ўзларининг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ёки тиклашни талаб қилишмоқда, содир бўлаётган воқеаларга илдам муносабат билдиришмоқда, ўзларига ёки уларнинг бирлашмаларига дахл қиладиган ахборотни сўраб олишмоқда, у ёки бошқа муаммоларга янги ёндашув ва ечимларни таклиф қилишмоқда. Яъни, мурожаат қилиш ҳуқуқи – бу нафақат шахсларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш воситаси, балки, айтиш мумкинки, давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари устидан жамоат назорати шакли, улар фаолиятини мақбуллаштиришнинг самарали усулидир.

 

Бизга ўз ҳуқуқ ва манфаатларини амалга ошириш ёки ҳимоя қилиш юзасидан мурожаат қиладиган расмий тузилмалар ва фуқаролар ўртасидаги ўзаро муносабатларни истеъмолчилар (жисмоний ва юридик шахслар) ва  хизматни амалга оширувчилар (давлат органлари ва мансабдор шахслар) ўртасидаги муносабатлар сингари тушунтириш мумкин. Барча ҳокимият ёки бошқарув органлари тизимида ишлайдиганлар тушуниб олишлари лозимки, қонунларни бажариш ва кўрсатилаётган давлат хизматлари (лицензия бериш, рўйхатдан ўтказиш, ҳар хил турдаги ҳужжатларни тақдим қилиш ва ҳ.к.) фуқаролардан йиғилган солиқ ва йиғимлар билан тўланган, фуқаролар тўлиқ асосда сақланиши солиқ тўловчининг гарданида бўлган амалдорлардан ўзларига юклатилган ҳуқуқни қўллаш ва хизмат кўрсатиш бўйича мажбуриятларни зарур даражада ва ўз вақтида бажаришларини талаб қилишга ҳақли.

 

Мамлакатимизнинг Асосий Қонунида  эълон қилинганидек, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Шу конституциявий тезисни тараққий эттира бориб, Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида” қарори  (2.03.2016 йилдаги 62-сон) фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, уларда кўтарилаётган муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш ва асосланган қарорлар қабул қилишни хизматчилар мажбуриятларидан бири сифатида мустаҳкамлайди. Бундан ташқари, ИДХЯПда муҳокама қилинаётган “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси давлат органлари ходимлари фаолиятининг мазкур турида иш юритишни либераллаштириш, аризалар, шикоятларни кўриб чиқиш ва ҳал қилиш тартиботини соддалаштириш ва жадаллаштириш, ўрнатилган тартибни бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш ва ҳ.к.да кучни мужассамлаштиришни кўзда тутади.

 

Нима учун бу масалага бугунги кунда анча эътибор ва жиддийлик билан қарайдиган бўлишганига ўз депутатлик фаолиятим ҳамда фракция ва қўмита бўйича ҳамкасбларим мисолида баҳо беришим мумкин.

 

Демак, 2015 йилда менга 140 мурожаат, шу йилнинг 20 майига қадар  40 мурожаат келиб тушди. Агар аввал фуқаролар, асосан, якка тартибда мурожаат қилишган бўлса, ҳозирга келиб жамоа бўлиб мурожаат қилиш ҳоллари кўпаймоқда, баъзан улар 100 нафардан ортиқ фуқаролар томонидан имзоланади. Олайлик, жамоа-гуруҳ аризалари кўп квартирали уйлар, маҳаллалар аҳолиси, корхона, муассаса ходимлари, пенсионерлар номидан келиб тушади.

 

Мен томондан қабул қилинган шикоятларда сайловчилар экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, пенсия таъминоти, иш ҳақи, пенсия, стипендияларни ўз вақтида тўламаслик, уй-жой ва коммунал соҳасида юқори тарифлар ва хизматлар сифати ва ХУМШ фаолияти,  жойлардаги ҳокимият органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ғайриқонуний ҳаракатлари масалаларини кўтаришган.

 

Кўпинча меҳрибонлик уйлари битирувчиларидан турар жой тақдим қилиш ва коммунал хизматлар учун ҳақ тўлаш масалалари  бўйича мурожаатлар келиб тушади.

 

Мен томондан кўриб чиқилган 40 мурожаатдан 25 таси қаноатлантирилди, 8 тасини қаноатлантириш рад этилди ва тўхтатилди, 7 мурожаат бўйича тушунтиришлар берилди.

 

Фуқаролар ва юридик шахслар почтасининг жиддий қисмини мактаблар, болалар боғчаларини таъмирлаш, спорт комплекслари, йўллар қуриш, сув таъминотини таъминлаш масалалари бўйича мурожаатлар эгаллайди. Ариза берувчилар якка тартибда уй-жой қуриш, шахсий ёрдамчи хўжаликларини юритиш учун хусусий мулкка ер участкаларини тақдим қилиш ҳақида илтимос билан, ер участкаси майдони ва чегарасини аниқлаш, компенсация тўлаш ва бошқа масалалар бўйича мурожаат қилишади.

 

Қатор ҳолларда ариза берувчилар турли ўқув даргоҳлари раҳбарлари ва ўқитувчиларининг ғайриқонуний ҳаракатлари ва ҳаракатсизликларидан, иш ҳақи ва стипендия тўлаш кечиктирилиши сабабли шикоят қилишади.

 

Қайд қилиш жоизки, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби бузилишини аниқлаш масаласи энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Ва жавоб ўз вақтида жўнатилмаган тақдирда, ҳар ким ёдда тутиши лозимки, маъмурий/интизомий/жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

 

Фуқаролар мурожаатларининг муайян қисми “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида” Қонуннинг ҳуқуқий қўлланилиши зарур даражада эмаслиги тўғрисида гувоҳлик беради. Ариза берувчиларнинг кўрсатишича, ҳокимлар ва ҳокимликнинг айрим ходимлари уларни қабул қилишни рад этмоқдалар. Давлат органларидан олинган жавоблар баъзан расмиятчилик тусига эга бўлмоқда. Фуқаролар уларнинг мурожаатлари кўриб чиқиш учун фуқароларнинг ўзлари шикоят қилган органларга йўлланаётганлигини қайд қилишмоқда.  Шунинг учун бундай ҳолларда давлат тузилмаларининг бепарво ходимларига нисбатан барча имкон даражасидаги таъсир этишнинг ҳуқуқий дастакларини қўллаган ҳолда жиддий муносабат билдиришимга тўғри келади.

 

Албатта, мурожаатлар билан ишлаш, энг аввало, уларни таҳлил қилиш мавжуд муаммони, мансабдор ва бошқа шахслар томонидан бузилишларни, қонунчиликнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётида муаммоларни аниқлаш имконини беради, қонунчиликни такомиллаштириш, муаммоларни ҳал қилишда янги йўллар ва услубларни аниқлашга кўмак беради.

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда мурожаатлар институти жиддий ўзгаришларга юз тутди. Асосан давлат аппаратининг тузилмаси ва функцияси ўзгарди, унинг фаолиятида янги ижтимоий устуворликлар пайдо бўлди. Буларнинг ҳаммаси мансабдор шахслар, энг аввало ижроия ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ишида фуқаролар мурожаатларига асосий ёндашувларини кўриб чиқиш заруратини туғдиради. Бу соҳада миллий қонунчиликни тўлиқ ҳажмда ижро этиш учун Қонунга шарҳлар тайёрланди, чунки мансабдор шахсларнинг фуқаролар, ўз манфаатларининг ҳимоя қилиниши юзасидан тез-тез мурожаат қилишни бошлаган бизнес ва учинчи сектор вакиллари олдида жавобгарлигини ошириш зарур.

 

Шуни мулоҳаза қилиш лозимки, мурожаатлар сонининг ошиши бир томондан фуқароларнинг ижтимоий фаоллик даражасининг ошганлигидан гувоҳлик берувчи кўрсаткич ҳисобланса, иккинчи томондан давлат тузилмалари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятида муаммолар мавжудлиги, улар томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича ишларни ташкил қилишнинг такомиллашмаганлигидан далолат беради.

 

Ҳар бир мурожаат билан ишлашга янги демократик ёндашувни шакллантириш зарурати ўз тасдиғини топмоқда.

 

Эътиборингизни “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддасига қаратамиз, унда “мурожаатларни кўриб чиқаётган давлат органлари жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари, шунингдек жамият ва давлат манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш мақсадида мурожаатларни бир йилда камида бир марта умумлаштиради ва таҳлил қилиб боради” дейилган. Биз депутатлар учун мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш назорат-таҳлил фаолияти бўйича саволларни шакллантириш, давлат органлари томонидан қонун  ёки халқаро шартнома ижросининг ҳолатини ўрганиш, амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, қонунчилик бузилишига йўл қўйган мансабдор шахсларга тегишли жавобгарлик чораларини қўллаш учун асос ҳисобланади.

 

Эҳтимол, бутун мамлакат миқёсида мурожаатлар бўйича ҳуқуқий статистик кўрсаткичлар, уларни олиш методологияси, ҳуқуқий статистик ахборотни таҳлил қилишнинг ягона механизмини яратиш вақти келгандир. Мурожаатларни рўйхатга олишдан бошлаб у бўйича қарор қабул қилишгача бўлган барча жараённи назорат қилиш имконини берадиган “Барча тоифадаги шахслар мурожаатларини ягона ҳисобга олиш ахборот тизимини” амалга киритиш зарур.  Шу кабилар узоқ ва яқин хорижда мавжуд, бунга Европа Иттифоқининг бошқарув тузилмалари, Қозоғистон прокуратураси ва ҳоказоларни мисол қилса бўлади. Айнан шундай механизм туфайли мамлакатимизнинг мурожаат қилаётган фуқароларида улар давлат органи, ОАВ ёки жамоат ташкилотига ёзганларидан қатъи назар, уларнинг овозлари албатта эшитилиши юзасидан ишонч ҳосил бўлади.

 

Бошқа томондан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш натижаларини ҳисобга олиш ва мониторинг қилишнинг таъсирчан тизими норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш фаолиятида давлат органларига улар томонидан қабул қилинаётган қарорлар учун жавобгарликни кучайтиради.

 

 

Хулоса ўрнида. Ўйлаб кўринг:

 

- Нима учун, баъзан раҳбарлар ва амалдорлар: “Нима сабабдан фуқароларимиз барча инстанциялар бўйича ҳамма нарса ҳақида ёзиб юришади”? деб аччиқланишади. Бироқ агар дахлдор мансабдор шахс кўрсатма берилганни бажармаса ёки шикоятларга муносабат билдирмаса, ишониш мумкинки, кейинги мурожаатнинг биринчи саҳифаси ўзида  энг юқоригача бўлган республика органларининг манзиллари рўйхатини намоён қилади.

 

- Биз тадбиркорнинг солиқ, молия ёки маъмурий масалалар бўйича шикояти/талабига ўз вақтида муносабат билдирмадикми, демакки, туман, шаҳар, вилоят аҳолиси маҳсулот ёки хизматнинг бирор бир турини тўлиқ олмайди, янги иш ўринлари барпо этилмайди ёки, ундан-да ёмони, иш ўринлари тугатилади, маҳаллий бюджет солиқ тушумларидан маҳрум бўлади.

 

- Мурожаат қилувчидан ранжиш керак эмас, боз устига уни ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилаётганлиги учун таъқиб қилиш керак эмас, бироқ тушуниш ва қонуний ҳамда баҳоли қудрат ёрдам бериш лозим. Ажаб эмаски, эртага биз ўзимиз ҳам унинг ўрнида бўлишимиз мумкин.

 

- Мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқмаслик – бу инсонга беэътиборликдир, бунинг оқибатида у ишончни йўқотади, демакки, унинг бунёдкорлик меҳнати, ҳамжамиятдаги фаоллиги пасаяди, бу эса давлат ва жамиятнинг барқарор ва баркамол тараққиёти кафолатига зарар етказади.

 

 

Маъруф УСМАНОВ суҳбатлашди ва ёзиб олди.