Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

2018 йилдан ҳайвонни сотиб олганда ветеринарда ҳисобга олиш мажбурий бўлади

09.10.2017


Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 сентябрдаги 748-сон Қарори билан Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Низомга кўра, ҳайвонларни идентификация қилиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • ҳайвонларга турларига қараб индивидуал рақам бериш (биркалаш, тамғалаш, жетонлаш, чип ўрнатиш);
  • электрон ахборот тизимига ҳайвонлар тўғрисида маълумот киритиш;
  • ветеринария паспортини расмийлаштириш.

 

Ҳайвонларнинг эгаларидан идентификация қилиш хизматлари учун тўлов ундирилади. Тўлов миқдори ва шартлари Давлат ветеринария қўмитаси томонидан белгиланади.

 

Белгиланишича, қорамол, қўй, эчки, туяларнинг болалари туғилганидан 14 кундан кейин 1 ойликдан кечикмасдан, қулунлар ва хўтиклар 4 ойлигидан, чўчқа болалари 1 ойлигидан, ит ва мушуклар 3 ойлигидан ҳисобга олинади.

 

Харидор ҳайвонни сотиб олганда (олувчи ҳайвонни ҳадяга олганда) доимий яшаш жойи бўйича давлат ветеринария хизматининг вакилига 7 кун ичида ҳайвонни ҳисобга қўйиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади. Ҳайвон 3 кун ичида ҳисобга олинади. Ҳайвон ҳисобга олинганидан сўнг унинг эгасининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатга асосан ветеринария паспорти расмийлаштирилади. Ҳар бир ҳайвонга алоҳида ветеринария паспорти расмийлаштирилади (қўй ва эчкиларга гуруҳ усулида расмийлаштирилиши мумкин). Ҳайвоннинг собиқ эгаси эса давлат ветеринария хизматининг вакилига ҳайвон сотилганлиги ёки ҳадя қилинганлигини ветеринария паспортида тасдиқлатиши шарт.

 

Ветеринария паспорти йўқолганда ёки яроқсиз ҳолга келиб қолганда унинг дубликати берилади. Ветеринария паспорти йўқолганлиги ва яроқсиз ҳолга келганлиги тўғрисидаги ариза тақдим қилинган кундан бошлаб 3 кун ичида ҳайвон эгасига “Дубликат” сўзи ёзилган янги ветеринария паспорти берилади.

 

Ҳайвон эгалари ҳайвон сўйилганда (нобуд бўлганда, йўқ қилинганда) ҳайвоннинг идентификация рақамини сақловчи атрибут (бирка, жетон, оёқ ҳалқаси, электрон чип ва бошқалар) ва ветеринария паспортини 7 кун ичида давлат ветеринария хизматининг вакилига ҳайвонни ҳисобдан чиқариш учун тақдим қилади. Сўйилган ҳайвонларга ихтисослашган сўйиш корхонасининг ветеринария врачи томонидан ҳайвон эгасига берилган “Ҳайвон сўйилганлиги тўғрисида” маълумотнома ҳам тақдим этилади.

 

Шунингдек белгиланишича, импорт қилинган зотдор ҳайвонларнинг насллилигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлган тақдирда, уларнинг экспорт қилаётган давлатда берилган идентификация рақамини сақловчи атрибути ўзгартирилмайди. Импорт қилинган ҳайвонлар карантин текширувидан ўтгандан сўнг улар тўғрисидаги тегишли маълумотлар электрон ахборот тизимига киритилади ва ветеринария паспорти расмийлаштирилади.

 

Боқиш ва кўпайтириш учун импорт қилинган ҳайвонларни наслли ҳайвон эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган тақдирда улар умумий тартибда идентификация қилинади.

 

Сўйиш мақсадида импорт қилинган ҳайвонлар идентификация қилинмайди. Ушбу ҳайвонлар келтирилган пайтдан бошлаб 7 календарь куни ичида сўйилиши шарт.

 

Ҳужжатда ҳайвонларни сақлаш, қаровсиз ҳайвонларни тутиш ва сақлаш масалалари, ҳайвон эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари батафсил баён этилган.

 

Низом 2018 йил 1 январдан кучга киради.

 

 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан яқин кунларда «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини

эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ

тайёрлади.