Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Давлат органлари хорижий грантлар билан қандай ишлайди

18.10.2019

Читать на русском языке

 

Президентнинг 10.10.2019 йилдаги “Ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш механизмларини ва донорлар билан ишлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5848-сон Фармони имзоланди.

 

Мазкур йўналишдаги ишлар доирасида ваколатлар чегараланди:

  • Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги - грантлар ҳисобидан молиялаштириш таклиф этилаётган лойиҳа ташаббусларини ишлаб чиқиш, дастлабки саралаш ва келишиш жараёнларини мувофиқлаштириш, ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини ҳисобга олиш ва уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилишни таъминлаш, давлатнинг донорлар билан ҳамкорлигини ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш борасида таклифлар ишлаб чиқиш бўйича ваколатли орган;
  • Ташқи ишлар вазирлиги хориждаги муассасалари билан биргаликда - салоҳиятли хорижий донорларни жалб этишда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, лойиҳа ташаббускорлари, тармоқлар ва ҳудудларга ёрдам беради;
  • Молия вазирлиги - ҳар йили Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда лойиҳа ташаббускорлари томонидан грантларни жалб этиш тўғрисидаги битимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ харажатларни: мажбурий тўловларни тўлаш, рухсатнома берувчи тартиб-таомиллардан ўтиш, товарларни ташиш, кузатиш ва сақлаш, ускуналарни монтаж қилиш, созлаш, йиғиш, ўрнатиш ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа харажатларни қоплаш учун маблағларни назарда тутади ва уларнинг ўз вақтида ажратилишини таъминлайди. Шунингдек, Молия вазирлиги грантлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади ҳамда мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш юзасидан чораларни кўради.

 

Давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари - лойиҳа ташаббускорлари ҳаракатларининг кейинги алгоритми  улар грантларининг миқдорига боғлиқ (бир лойиҳа бўйича):

  • қиймати 100 минг АҚШ долларигача - грантларни мустақил равишда жалб этади ва донорлар билан музокараларни олиб боради. Бунда улар донорларнинг лойиҳа ташаббуслари нусхаларини улар келиб тушган кундан бошлаб 1 кун ичида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига мажбурий тартибда юборадилар;
  • 100 минг АҚШ доллари ва ундан кўпроқ– грантларни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган тегишли дастурларга уларни киритган ҳолда жалб этади. Бунда улар уларнинг ўз вақтида ишлаб чиқилиши, дастурларга киритилиши учун тақдим этилиши, лойиҳа ҳужжатлари сифатли тайёрланиши, барча тадбирларнинг сўзсиз ва сифатли бажарилишини таъминлашлари керак.

 

2020 йил 1 августга қадар “Ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини электрон тарзда келишиш, мониторинг қилиш ва ҳисобга олиш” ахборот тизимини ишлаб чиқишлари ва жорий этишлари лозим. 2021 йилнинг бошидан бошлаб юқорида кўрсатилган дастурларни келишиш, шакллантириш ва тасдиқлаш мазкур ахборот тизими орқали фақат электрон шаклда амалга оширилади.

 

Таркибий ўзгаришлар ҳам назарда тутилган. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Комиссиясининг техник кўмагини мувофиқлаштириш бюроси тугатилмоқда. Унинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, штат бирликлари ва мулки (бино ва иншоотлари) тузилмасида Ташқи беғараз кўмакни мувофиқлаштириш департаменти ташкил этилган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига топширилади.

 

Шу билан бир қаторда 2019 йил 1 декабрдан бошлаб:

  • Ўзбекистонга донорлар делегациялари ташрифларини ва уларнинг расмий шахслар билан учрашувларини ташкил этиш,  шунингдек, республика худудларига сафарлар ташкил килиш масалалари бўйича сўровларни ТИВга олдиндан юбориш муддати 30 иш кунидан 15 иш кунигача қисқартирилади;
  • грант олувчилар томонидан банк ҳисобварақларидан кўчирмаларни, шунингдек, техник кўмак маблағлари тўғрисида ахборот ва идоравий ҳисоботни Молия вазирлигининг Ғазначилигига тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади;
  • грант олувчилар ҳар чоракда (ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10-санасидан кечиктирмасдан) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига олинган ва ўзлаштирилган грантлар ҳамда амалга оширилаётган ташқи беғараз кўмак лойиҳалари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади;
  • грантларни жалб этиш ва ўзлаштиришда бевосита иштирок этган ходимлар МҲЭКМнинг 15 бараваригача, аммо ўзлаштирилган грант суммасининг 2%идан ошмайдиган миқдорда бир йўла мукофот олишлари мумкин. Мукофот ташқи беғараз кўмак лойиҳаларининг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаганлик ҳамда тасдиқланган мақсадли кўрсаткичларга эришганлик учун тўланади. Давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларига мукофот тўлаш ҳуқуқи берилган. Тўлов манбалари - ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари, грантлар, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар;
  • лойиҳа ташаббускорлари грантларни жалб этиш тўғрисидаги битимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ харажатларни бюджетдан ташқари жамғармалар, маҳаллий бюджетлар даромадларининг прогноз кўрсаткичларини орттириб бажарилган қисмидан бўшаган қолдиқлари ҳамда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига қоплашга ҳақли.

 

Имтиёз ва преференциялар тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағлар Ўзбекистоннинг дастурга киритилган лойиҳаларни амалга оширишга қўшадиган ҳиссаси ҳисобланади.  Хусусан:

биринчидан, лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассислар учун давлат божи ундирилмаган ҳолда кўп марталик визалар ва вақтинча прописка (жумладан муддати узайтирилиши) расмийлаштирилади, берилади ва муддати узайтирилади;

иккинчидан, лойиҳалар доирасида харид килинган транспорт воситалари мажбурий тўловлар ва йиғимлар ундирилмаган ҳолда рўйхатга олинишини таъминлайди, автомототранспорт воситасини рўйхатга олиш тўғрисидаги гувоҳнома ва давлатнинг рўйхатга олиш рақам белгилари учун тўловлар бундан мустасно;

учинчидан,  лойиҳалар доирасида рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси берилган ҳолда дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббий техникани бир марталик рўйхатга олиш, шунингдек  хорижда амалга оширилган рўйхатга олиш натижаларини тан олиш давлат реестрига киритмасдан ва белгиланган йиғимларни ундирмаган ҳолда амалга оширилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.10.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов.