Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

ҚҚС бўйича амал қилаётган имтиёзлар 1 октябрдан қисқартирилади

22.06.2020

Читать на русском языке

Президентнинг 19.06.2020 йилдаги «Алоҳида солиқ ва божхона имтиёзларини бекор қилиш тўғрисида»ги ПФ-6011-сон Фармони қабул қилинди.

 

Ҳужжат билан иккита қоида киритилади:

  • солиқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган солиқлар бўйича имтиёзлар, агар уларнинг ўзида ушбу солиқдан озод қилиш тўғридан-тўғри кўрсатилмаган бўлса, ижтимоий солиққа нисбатан татбиқ этилмайди;
  • норезидентлар ҳисобланган юридик шахслардан сотиб олинадиган ишлар (хизматлар) учун ҚҚС бўйича берилган имтиёзлар, Ўзбекистонда доимий муассасалар орқали фаолиятини амалга ошираётган юридик шахслар-норезидентлар томонидан тақдим этиладиган ишларга (хизматларга) татбиқ этилмайди.

 

Шунингдек Фармон билан ҚҚС бўйича имтиёзларни бекор қилиш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Солиқ кодекси, «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги ва «Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги қонунларга мувофиқлаштириш назарда тутилган.

 

Хусусан, 2020 йил 1 октябрдан қуйидаги ҳолатларда ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилинади:

а) «Женерал Моторс Ўзбекистон» АЖ расмий дилерларининг автомобилларни таъмирлаш ва уларга сервис хизматлари кўрсатиш, жумладан ушбу хизматларни кўрсатиш вақтида ўрнатиладиган эҳтиёт қисмлар, узеллар, агрегатлар ва материалларнинг нархлари, шунингдек эҳтиёт қисмлар, узеллар, агрегатлар ва материалларни уларнинг савдо тармоқлари орқали сотишда (21.02.2008 йилдаги ПҚ-800-сон қарорга қаранг);

Маълумот учун: ҚҚС тўлашдан озод этиш туфайли солиқ суммасини ҳисобга олишнинг имкони бўлмаган ва у сотиб олинган товар қийматида ҳисобга олинган, бунинг оқибатида расмий дилерда солиқ тўлаш занжири узилганлиги сабабли якуний истеъмолчи учун эҳтиёт қисмлар нархи қимматлашган.

б) нефть ва газ конларини қидириш ва разведка қилиш ишларини амалга оширувчи хорижий компаниялар, шунингдек улар томонидан жалб этиладиган хорижий пудрат ва ёрдамчи пудрат ташкилотлари томонидан қидириш, разведка қилиш ва бошқа тегишли ишларни амалга ошириш учун зарур бўлган ускуналарни, моддий-техника ресурслари ва хизматларни импорт қилишда (28.04.2000 йилдаги ПФ-2598-сон Фармонга қаранг);

в) «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси аъзолари томонидан импорт қилинадиган пахта, сунъий ва синтетик тола, жун, хом ашё ва бошқа материаллар бўйича (14.12.2017 йилдаги ПФ-5285-сон Фармонга қаранг). Бундан буён импорт божи ва акциз солиғи бўйича имтиёзлар тўқимачилик саноатининг барча корхоналарига татбиқ этилади;

г) электротехника саноати корхоналари томонидан импорт қилинадиган ускуналар ва материаллар бўйича (13.02.2017 йилдаги  ПҚ-2772-сон қарорга қаранг);

д) «Ўзчармсаноат» уюшмаси аъзолари томонидан импорт қилинадиган ускуналар ва бутловчи буюмлар бўйича (3.05.2018 йилдаги ПҚ-3693-сон қарорга қаранг). Бундан буён импорт божи ва акциз солиғи бўйича имтиёзлар чарм, мўйна хом ашёси ва жун тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш, чорва молларини автоматлаштирилган ҳолда сўйиш, жун, қоракўл ва сунъий чармдан буюмлар, чарм-атторлик маҳсулотлари, пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган ташкилотларга татбиқ этилади.

 

Шунингдек Фармонда товарларни Ўзбекистонда реализация қиладиган корхоналар томонидан экспорт қилувчи корхоналар учун назарда тутилган имтиёзларни қўллашга оид низоли масалалар тартибга солинган (26.03.2012 йилдаги ПҚ-1731-сон қарорга қаранг).

 

Маълумот учун: Солиқ кодексига мувофиқ товарлар экспорт қилинганлигини тасдиқловчи талаблардан бири товарларни республика божхона ҳудудидан олиб чиқиб кетиш учун уларни экспорт режимида чиқаришни амалга оширувчи божхона органининг белгиси қўйилган БЮД ҳисобланади.

 

Ёш оилаларни, қурувчиларни, шунингдек кредит бўйича биргаликда қарз олувчилар ҳисобланган уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ипотека кредити доирасида ЖШДС бўйича имтиёзларнинг амал қилиш муддати (18.05.2007 йилдаги ПФ-3878-сон Фармонга ҳамда 22.11.2016 йилдаги ПҚ-2660-сон қарорга қаранг) 2021 йил 1 январга қадар узайтирилди. Осиё тараққиёт банки экспертларининг хулосасига кўра ипотека кредити бўйича ЖШДСдан озод этиш номутаносиб равишда, даромади юқори бўлган оилаларга кўпроқ даромад келтирмоқда.

 

Маълумот учун: Солиқ кодексига мувофиқ якка тартибдаги уй-жойнинг ёки кўп қаватли уйдаги хонадоннинг қиймати 300 млн сўмдан ошмаса ҳамда у дастлабки бадалнинг ва (ёки) ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун бюджетдан ажратилган субсидияларни ҳисобга олган ҳолда олинган бўлса, олинган ипотека кредитларини ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни солиқ даври давомида жами 15 млн сўмгача бўлган миқдорда қоплашга йўналтириладиган солиқ тўловчининг иш ҳақи ва бошқа даромадларига солиқ солинмайди.

 

Шунингдек қуйидагилар учун имтиёзлар назарда тутилган ҳужжатлар мувофиқлаштирилди:

  • тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этадиган корхоналар;
  • махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.10.2020 йилдан кучга киради.