Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Тижорат банкларида корпоратив бошқарув қандай бўлади

13.07.2020

Читать на русском языке

Марказий банкнинг қарори билан Тижорат банкларида корпоратив бошқарув тўғрисида низом (30.06.2020 йилда 3254-сон билан рўйхатдан ўтказилган) тасдиқланди. У 2020 йил 1 октябрдан кучга киради. Марказий банкнинг Кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш методологияси департаменти бошқарма бошлиғининг ўринбосари Темурбек Усмонов ҳужжатни шарҳлаб берди.

 

– Янги Низом нима мақсадда қабул қилинди, у аввалги ҳужжатлардан нимаси билан фарқланади?

 

 Низом Корпоратив бошқарув соҳасидаги Базель қўмитаси тамойиллари асосида, илғор стандартлар ва тажрибани жорий этиш, банклар бошқарув органларининг ҳисобдорлиги ва фаолияти шаффофлигини таъминлаш ҳамда уларнинг ахборотни лозим даражада очиб бериши орқали уни такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Ҳужжат билан банкларда бошқарувга оид қарорларни қабул қилиш жараёнининг шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш учун зарур бўлган масалалар қамраб олинган.  

 

Низомда банк бошқарув органлари, шу жумладан кузатув кенгаши, унинг қўмиталари ва банк бошқарувининг ваколатлари ва вазифалари, банкларда манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга доир зарур чоралар, уларда ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидалари, шунингдек ноўрин хатти-ҳаракатлар ҳақида хабар қилиш тизими жорий этилиши белгиланган.

 

Янги таҳрирдаги ҳужжат «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг корпоратив бошқарувга оид талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган. Шуни қайд этиб ўтиш зарурки, Низомнинг аввалги таҳририда банклардаги корпоратив бошқарув тизимларига, шу жумладан бошқарув органлари, қўмиталар, мукофотлаш тизимлари, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва бошқаларга етарлича талаблар белгиланмаган эди.

 

Бундан ташқари, корпоратив бошқарув амалиётининг Базель қўмитаси Самарали банк назорати асосий тамойиллари талабларига мувофиқ келмайдиган жиҳатлари мавжуд эди. Кўп талаблар «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун талабларига ўхшаш тусга эга бўлгани боис қайта-қайта белгиланган. 

 

– Банклардаги самарали корпоратив бошқарув асосини нималар ташкил этади?

 

 Қуйидагилар самарали корпоратив бошқарувнинг асоси ҳисобланади:

  • банк бошқаруви органлари, муҳим аҳамиятга эга ходимлари, шунингдек бошқа банк ходимлари жавобгарлик соҳаларининг аниқ тарзда тақсимланиши;
  • етарли даражадаги ҳисобдорлик;
  • ўзаро назорат қилишни таъминловчи, банк бошқаруви органлари ва (ёки) банк таркибий тузилмалари ўртасидаги ваколатларнинг тақсимланиши;
  • ўзининг ваколатлари ва вазифаларини яхши билувчи, функционал вазифаларини бажаришда юқори даражадаги ишбилармонлик ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этувчи, банк кузатув кенгашининг ва ижроия органининг юқори малакали аъзолари мавжудлиги.

  

– Банк кузатув кенгаши корпоратив бошқарувда қандай роль ўйнайди, уни шакллантираётганда нималарга эътибор бериш лозим?

 

 Банк кузатув кенгаши банк фаолиятига умумий равишда бошчилик қилади, бошқарувга оид қарорларни қабул қилиш жараёнида назорат қилиш функциясини бажаради, умуман банк фаолияти ва молиявий барқарорлиги учун масъул ҳисобланади.

 

Банк кузатув кенгаши аъзолари тоқ сонли бўлиши, бироқ акциядорлар сонидан қатъи назар, беш кишидан кам бўлмаслиги керак. Кузатув кенгаши аъзоларининг аксарияти банк билан боғлиқ шахслар бўлмаслиги керак, уларнинг кузатув кенгашидаги аъзолиги бундан мустасно.

 

Кенгаш аъзолари сони ва унинг таркиби банк фаолиятининг миқёси ва хусусияти, унинг ривожланиш мақсадлари ва стратегияларидан келиб чиқиб, шунингдек, қуйидагиларни таъминлашни назарда тутган ҳолда шакллантирилиши лозим:

  • Кенгаш йиғишларини имкон қадар юзма-юз шаклда (шу жумладан техник коммуникация воситаларидан фойдаланган ҳолда) кворум борлигида бошқарувга оид қарорлар ўз вақтида қабул қилинишини таъминлаш имконини берувчи даврийликда (бироқ чоракда камида бир марта) ўтказиш имкониятини;
  • самарали бошқаришни амалга ошириш ва қарорлар қабул қилиш учун керакли бўлган тажриба ва билимларга коллектив даражада эгалигини;
  • Кенгаш томонидан қўмиталар ташкил қилиниши ва уларнинг иш фаолияти йўлга қўйилишини.

 

– Кенгашнинг махсус қўмиталари олдига қандай вазифалар қўйилган?

 

 Ўз ишининг самарадорлигини таъминлаш учун Кенгаш ўз аъзолари орасидан махсус қўмиталар: аудит қўмитаси, таваккалчиликларни бошқариш қўмитаси, мукофотлаш қўмитаси, шунингдек, Кенгаш ваколатига кирадиган энг муҳим масалаларни олдиндан кўриб чиқиш учун бошқа қўмиталарни ташкил этиши мумкин.

 

Кенгаш томонидан ташкил этиладиган қўмиталарнинг асосий вазифаси – ваколат доирасида масалаларни чуқур ўрганиш ҳамда улар бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш, шунингдек, Кенгашнинг назоратга доир вазифаларини бажаришида унга кўмаклашиш.

 

Қўмиталар ўз ваколатларига кирадиган масалалар доирасида:

  • Кенгаш қарорларининг ижроси, банк стратегияси ва мақсадларининг бажарилиш жараёнини таҳлил қиладилар;
  • банк фаолиятига оид мунтазам ҳисоботлар ва ўзларининг тавсияларини Кенгашга кўриб чиқиш учун тақдим этадилар.

 

Қўмиталар таркиби Кенгашнинг учтадан кам бўлмаган аъзосидан ташкил топиши зарур, қўмитанинг кўпчилик аъзолари банкка алоқадор шахслар бўлмаслиги керак. Қўмита бошқа қўмита аъзолигида бўлган айнан бир шахслар таркибидан иборат бўлишига йўл қўйилмайди.

 

Манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик учун Кенгашнинг бир аъзоси бир вақтнинг ўзида турли қўмиталар раиси бўла олмайди.

 

Аудит қўмитаси. Тегишли ички назорат тизимини самарали ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир банк Кенгаши аудит қўмитасини ташкил этиши зарур, унинг кўпчилик аъзолари банкка алоқадор шахслар бўлмаслиги керак. Аудит қўмитасининг раиси банк Кенгаши ёки бошқа қўмитаси раиси бўлмаслиги лозим. Аудит қўмитасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • молиявий ҳисобот ва ички аудит сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш жараёнида иштирок этиш;
  • назоратга оид, молиявий ва бошқа ҳисоботларнинг тақдим этилишини, тўлиқлигини, ишончлилигини назорат қилиш;
  • ўз ваколати доирасидаги масалалар юзасидан банк Кенгаши йиғилишларига маълумотлар тайёрлаш ва Кенгашга ҳисоботлар тақдим этиш;
  • банкнинг ички ва ташқи аудиторлар билан ўзаро алоқасини назорат қилиб бориш;
  • ички аудит хизмати раҳбарини тайинлаш (лавозимидан озод қилиш) масаласини кўриб чиқиб, Кенгашга таклиф киритиш;
  • банкнинг ички назорат тизими ва ички аудити фаолияти самарадорлиги ва монандлигини таъминлаш учун уларни баҳолаш, ички аудит текширувлари режаси ва уларнинг даврийлигини кўриб чиқиш, ички аудит хизмати раҳбари ўз вазифа ва мажбуриятларини қай даражада амалга ошираётганлигини баҳолашда иштирок этиш ва ўз фикрларини билдириш;
  • ички ва ташқи аудит ҳисоботларини қабул қилиб олиш ҳамда бошқа назоратни амалга оширувчи бўлинмалар томонидан аниқланган қонун ҳужжатлари, банкнинг сиёсатлари ва ички ҳужжатларига номувофиқликлар ва камчиликларни банк бошқаруви томонидан ўз вақтида бартараф этилишини назорат қилиш;
  • ички аудит хизматининг чораклик ҳисоботларини ўрганиб чиқиш ва Кенгашга тақдим этиш;
  • ташқи аудиторларнинг ҳисоботлари, шу жумладан раҳбариятга йўлланган хатларни кўриб чиқиш ва уларни Кенгашга тақдим этиш;
  • банк фаолиятининг шаффофлиги ва маълумотларнинг ошкор қилиниши етарли даражада ва аниқ эканлигини кўриб чиқиш;
  • аудит қўмитасининг фаолияти тўғрисида ҳисобот тайёрлаш ва уни банкнинг йиллик ҳисоботида очиб бериш;
  • ташқи аудиторлар фаолияти қониқарсиз деб баҳоланган тақдирда, уларни ўзгартириш юзасидан Кенгашга тавсиялар бериш.

 

Таваккалчиликларни бошқариш қўмитаси:

 

  • Бошқарув ва таваккалчиликларни бошқариш бўйича таркибий тузилма томонидан таваккалчиликларни бошқариш тизимининг (шу жумладан, риск-аппетит ва таваккалчиликларни бошқариш сиёсати) ишлаб чиқилиши, уларга риоя этилиши ва уларнинг ўз вақтида янгилаб борилиши устидан мониторинг ва назорат қилиши;
  • банк томонидан ишлаб чиқилган ва амалга оширилаётган таваккалчиликларни баҳолаши, шу жумладан, стресс-тест қилиш услубларини даврий равишда кўриб чиқиши;
  • таваккалчиликларни бошқариш бўйича ҳисоботни кўриб чиқиши ҳамда банкнинг таваккалчиликлар соҳаси (риск-проифили) тасдиқланган риск-аппетитга мос эмаслиги ёки меъёрдан чиқиб кетиши кутилаётган ҳолатларда, таваккалчиликларнинг камайтирилиши ва улар юзасидан ўз вақтида чоралар кўрилиши бўйича қарорлар қабул қилиш тўғрисида Кенгашга таклифлар бериши;
  • банкнинг мукофотлаш тизими банкнинг риск-аппетитига мувофиқлигини ўрганиб бориши;
  • таваккалчиликларни бошқариш бўйича таркибий бўлинма томонидан тақдим этиладиган банкда юзага келган ва юзага келиши мумкин бўлган таваккалчиликлар бўйича ҳисоботларни камида ҳар чоракда бир марта қабул қилиб бориши ва таваккалчиликларни камайтириш бўйича ишларни амалга ошириши;
  • таваккалчиликларни бошқариш бўйича масъул бўлган ходимларнинг бошқарув ва таваккалчиликларни қабул қилувчи бошқа таркибий бўлинмалардан мустақиллигини баҳолаб бориши;
  • таваккалчиликларни бошқариш бўйича таркибий бўлинма раҳбарлари фаолиятини баҳолаш жараёнида қатнашиши ёки фикр билдириши;
  • таваккалчиликларни бошқариш қўмитасининг фаолияти тўғрисида чораклик ҳисоботларни тайёрлаши ва уни банкнинг йиллик ҳисоботида очиб бериши шарт.

 

Мукофотлаш қўмитаси (агар ташкил этилган бўлса) меҳнатга ҳақ тўлашнинг ички тизими банкнинг таваккалчиликларни қабул қилиш даражасига, узоқ муддатли стратегияни амалга оширишга, риск-аппетитига, молиявий натижаларга, ички назоратнинг умумий тизимига, шунингдек қонун ҳужжатлари талабларига ва ички меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлиги бўйича Кенгашга тавсиялар киритиб боради. Унинг вазифаларига қуйидагилар киради: 

  • Кенгаш ва бошқарув аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларни мукофотлаш бўйича сиёсатни ишлаб чиқишда иштирок этиш ва уни (камида бир йилда бир маротаба) қайта кўриб чиқиш;
  • мукофотлаш сиёсати ҳамда турли хил рағбатлантириш дастурларининг жорий қилиниши ва амалга оширилиши устидан назорат қилиш;
  • Кенгаш ва бошқарув аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларга мукофот тўловларини ҳар йили қайта кўриб чиқишда уларнинг мажбуриятлари ва тегишли таваккалчиликларни эътиборга олган ҳолда уларнинг самарадорлигини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш, бунда акциядорларнинг узоқ муддатли манфаатларида қўшилган қийматни ҳисобга олиш.

 

– Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш учун қандай чоралар кўрилиши лозим?

 

 Банк ва қуйидаги шахслар ўртасида ўзаро муносабатлар ва алоқалар натижасида манфаатлар тўқнашуви вужудга келиши мумкин: 

  • банк мижозлари;
  • банк акциядорлари;
  • банк Кенгаши ёки бошқаруви аъзолари;
  • банк ходимлари;
  • банкка алоқадор ташкилотлар.

 

Кенгаш манфаатлар тўқнашувини аниқлаш, унинг олдини олиш ва уни бартараф этиш сиёсатини ишлаб чиқиш, уни амалга ошириш тартибини ўрнатиш ҳамда унинг амалга оширилишини назорат қилиш учун масъулиятни зиммасига олади. Мазкур сиёсат қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

  • манфаатлар тўқнашувига олиб келувчи ҳолатлардан четланиш ёки у юзага келган ҳолларда бартараф этиш юзасидан Кенгаш аъзоларининг мажбуриятлари;
  • Кенгаш ва бошқарув аъзолари ҳамда бошқа ходимларнинг ўз хизмат вазифасини бажаришида юзага келадиган манфаатлар тўқнашувини аниқлашда унинг тушунчаси ва шакллари (банкда юзага келадиган ҳолатлардан мисоллар билан);
  • банкда юзага келган ва эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари ҳамда юзага келган салбий ҳолатлар ҳақида маълумотлар базаси шакллантирилиши ҳамда Кенгаш ва бошқарувга ушбу маълумотлар базаси асосида даврий равишда ҳисоботлар топшириб борилиши керак;
  • манфаатлар тўқнашувига олиб келган ёки келтириб чиқариши мумкин бўлган масалаларни кўришда Кенгаш ёки бошқарувнинг тегишли аъзолари ўз овозлари билан иштирок этишини чеклаш;
  • банк раҳбарлари ва бошқа ходимлари билан вужудга келган ёки келиши мумкин бўлган манфаатлар тўқнашувларини назорат қилиш ва олдини олиш механизмларини жорий этиш;
  • манфаатлар тўқнашуви юзага келган ҳолларда қўлланиладиган чоралар ва уни бартараф этиш тартиби;
  • банк раҳбарлари ва бошқа ходимлари билан манфаатлар тўқнашуви вужудга келганда ёки эҳтимоли пайдо бўлганда, улар томонидан белгиланган тартибда маълумот тақдим этилмаса, уларга нисбатан қўлланиладиган чоралар.

 

– Банкдаги корпоратив маданият ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

 

 Кенгаш банкда ягона корпоратив маданиятни яратиш мақсадида:  

  • банк фаолияти қонуний ва одоб-ахлоқ қоидалари асосида юритилиши учун корпоратив қадриятлар ва стандартларини ўз ичига олган банкнинг одоб-ахлоқ кодексини қабул қилиши ва уларда белгиланган қоидаларга барча ходимлар, шу жумладан, банкнинг бошқарув органлари томонидан риоя этилишини таъминлаши;
  • корпоратив қадриятлар ва профессионал стандартлар, одоб-ахлоқ кодекси ҳамда банк томонидан ишлаб чиқилган тегишли сиёсатлар барча ходимларга тушунтирилиши ва ижро учун етказилиши устидан назорат қилиши;
  • номақбул хатти-ҳаракат ва (ёки) қоидабузарликни амалга оширган ходимлар, шу жумладан, банк бошқарувига нисбатан интизомий чоралар қўлланилиши устидан назоратни амалга ошириши лозим.

 

Лола Абдуазимова.