Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Геном бўйича рўйхатга олиш нима ва у нега керак

25.11.2020

Читать на русском языке

 

24.11.2020 йилдаги «Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида»ги ЎРҚ-649-сон Қонун эълон қилинди.

 

Геном бўйича давлат рўйхатига олиш – биологик материалларни олиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш ва йўқ қилиш, шунингдек одамнинг шахсини, таниб олинмаган мурдани идентификация қилиш учун геном ахборотга ишлов бериш ва муҳофаза қилиш билан боғлиқ бўлган фаолият.

 

Ушбу соҳадаги ваколатли орган ИИВ ҳисобланади. Жараёнга бевосита қуйидагилар жалб этилган:

  • терговга қадар текширувни, суриштирувни, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва судлар;
  • ИИВ, Адлия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг суд-экспертиза муассасалари.

 

Геном бўйича рўйхатга олиш уч босқичда амалга оширилади:

1) биологик материални – одамнинг ва вафот этган одамнинг (мурданинг) танасининг (қолдиқларининг) ҳужайралари, тўқималари ва ажралмаларини олиш. Танлаб олинган материал геномга оид ахборотга – ДНК муайян қисмлари тўғрисидаги кодланган ахборотни ўз ичига олган шахсий маълумотларга эга бўлиши муҳимдир. Шу боис, агар биринчи марта лозим даражада танлаб олинмаганлиги сабабли геномга оид ахборотни олишнинг имкони бўлмаса, такрорий танлаб олишга рухсат берилади. Биологик материали танлаб олинаётган ҳар бир шахсга ахборот картаси тўлдирилади;

2) биологик материалдан геномга оид ахборот олинади. Давлат томонидан уни муҳофаза қилиш кафолатланади. Геномга оид ахборотга ишлов бериш шарт-шароитлари унинг йўқотилиши, бузилиши ва ундан рухсатсиз фойдаланилиши имкониятини истисно этиши керак. Геномга оид ахборотни ўз ичига оладиган электрон ахборот ресурслари ноқонуний ёки кутилмаганда фойдаланилиши ва таъсир кўрсатилишидан муҳофаза қилинади;

3) геномга оид ахборот Ягона маълумотлар базасига киритилади. Жараёнда автоматлаштирилган идентификация тизимларидан фойдаланилади. Ягона маълумотлар базасида геномга оид ахборот ҳисобга олинади ва сақланади.

 

Ҳужжатда биологик материални олиш, фойдаланиш, сақлаш, бериш ва йўқ қилиш, шунингдек геномга оид ахборотга ишлов бериш ва муҳофаза қилиш тартиб-таомиллари батафсил ёритилган.

 

Геном бўйича давлат рўйхатига олиш икки турда амалга оширилади:

а) ихтиёрий тартибда – фуқаролар, чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ёзма аризасига биноан пуллик асосда рўйхатга олинади. Рўйхатга олиш тартиби ва тўлов миқдори Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Бедарак йўқолган шахсларнинг қариндошларини геном бўйича рўйхатга олиш бепул амалга оширилади;

б) мажбурий тартибда, бунда қуйидагилар рўйхатга олинади:

  • оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида жалб қилинган шахслар;
  • оғир ва  ўта оғир жиноятларни содир этганлик, жинсий эркинликка қарши жиноятлар, 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахслар;
  • биологик материали терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов жараёнида олинган аниқланмаган шахслар;
  • таниб олинмаган мурдалар (тана қолдиқлари, қисмлари).  

 

Геномга оид ахборот ҳамда геном бўйича давлат рўйхатига олинаётган одамнинг шахси ҳақидаги маълумотлар махфий ҳисобланади. Маълумотларни тегишли шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг розилигисиз ошкор қилишга йўл қўйилмайди, терговга қадар текширувни, суриштирувни, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва суднинг сўровларига биноан тақдим этиладиган ҳоллар бундан мустасно.

 

Қонун «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган ва 1.01.2023 йилдан кучга киради.

 

Олег Заманов.