Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

МБ асосий ставкаси ўзгаришсиз қолдирилди, бироқ фоиз коридори кенгайтирилди

02.08.2021

Читать на русском языке

Марказий банк бошқаруви 29 июлда ўтказилган йиғилишда асосий ставкани ўзгаришсиз қолдириш, шунингдек молия-кредит инструментларига ўзгартиришлар киритиш бўйича қарор қабул қилди. 

 

Иқтисодиётда нархларни оширувчи хатарларнинг ортиши ва пандемия билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашиб бориши шароитида жорий йил учун инфляциянинг прогноз кўрсаткичларига эришиш ҳамда иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш ўртасидаги мувозанатни сақлаш мақсадида асосий ставка 14% даражасида ўзгаришсиз қолдирилиб, фоиз коридори +/-2 фоиз бандгача кенгайтирилди.

 

Бунда иқтисодий фаоллик ва ялпи талабнинг кутилганидан кўра тезроқ суръатларда ўсишини, иқтисодиётга йўналтирилаётган молиявий ресурслар ҳажмининг сезиларли даражада ошганлиги, инфляцион кутилмаларнинг юқорилиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари таклифи билан боғлиқ инфляцион хатарлар жорий пул-кредит шароитларини сақлаб қолишни ҳамда унинг инструментларига маълум бир ўзгартиришлар киритишни тақозо этганлигини ҳисобга олган ҳолда қарор қабул қилинган.

 

Иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб. 2021 йилнинг I ярим йиллигида ЯИМ реал ҳажмда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,2%га ошди. Ушбу юқори ўсиш кўрсаткичи, биринчидан, 2020 йилнинг январь-июнь ойларидаги паст база эффекти билан, иккинчидан, фискал рағбатлантиришлар ва иқтисодиётга йўналтирилган кредитлар ҳисобига ялпи талабнинг қўллаб-қувватланиши билан изоҳланади.

 

Саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўсиш суръатларининг (мос равишда 8,5% ва 18,3%) пандемиягача бўлган давр кўрсаткичларигача етганлиги кузатилган бўлса, қишлоқ хўжалиги (1,8%) ва қурилиш ишлари (0,1%) соҳаларида 2020 йилда юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолинганлиги ҳисобига жорий йилги кўрсаткичларда сезиларли ўсиш кузатилмади, мазкур кўрсаткичлар II ярим йилликда яхшиланиши кутилмоқда.

 

Иқтисодиётда талаб ҳажмининг ўсиб бориши, ўз навбатида, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,7%га, чакана савдо айланмасининг 9%га ошишида ҳам намоён бўлди.

 

Асосий экспорт товар позициялари бўйича ташқи конъюнктуранинг яхшиланиб бориши фонида экспорт тушумлари ҳамда трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми йилнинг дастлабки олти ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарга ўсди.

 

Инфляция ва инфляцион кутилмалар. 2021 йилнинг июнь ойи якунлари бўйича йиллик инфляция даражаси май ойида кузатилгани каби 10,9%ни ташкил этиб, сўнгги тўрт-беш ойдан бери деярли ўзгаришсиз шаклланмоқда.

 

Июнь ойи якунлари бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг йиллик ўсиши 14,7%ни ташкил этиб, умумий инфляцияга энг асосий оширувчи ҳисса қўшди. Таъкидлаш жоизки, май-июль ойларида ушбу гуруҳдаги мева ва сабзавотлар нархларида кутилганидек мавсумий пасайиш суръатлари кузатилмади.

 

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсувчи динамикаси кўпроқ ишлаб чиқариш, об-ҳаво шароитлари, ҳосилдорлик даражаси, умуман олганда, таклиф билан боғлиқ омиллар таъсири билан изоҳланади.

 

Пул-кредит шароитлари. Жорий йилнинг II чораги давомида иқтисодиётга йўналтирилаётган маблағлар ҳажмининг юқори суръатларда ортиши таъсирида банк тизимида ликвидликнинг таркибий профицитининг ўсиб бориши ҳамда банклараро пул бозоридаги шароитларнинг сезиларли даражада юмшаши кузатилди ва июнь ойида ўртача тортилган фоиз ставкалар 11%гача пасайди.

 

Умумий ликвидликнинг ортиши тижорат банкларининг пул бозоридаги фаоллигининг сезиларли пасайишига олиб келди. Хусусан, 2021 йилнинг II чорагида пул бозорида ўртача ойлик операциялар ҳажми I чоракдаги кўрсаткичга нисбатан 1,4 баробарга камайди.

 

Қисқа муддатли пул ресурслари бозорида фоиз ставкаларининг пасайишига қарамай, узоқ муддатли ресурслар бозорида вазият барқарорлигича сақланиб қолмоқда.

 

Марказий банк Бошқарувининг аввалги йиғилишида таъкидланганидек, банк тизимидаги ликвидликни қисқа муддатли тартибга солиш бўйича операциялар ҳажмлари оширилишига қарамасдан, иқтисодиётга марказлашган манбалардан йўналтирилаётган маблағларнинг нотекис тақсимланиши натижасида пул бозоридаги фоиз ставкаларни Марказий банк фоиз коридоридан четлашиш ҳолатлари кузатилиши давом этмоқда. Бу, ўз навбатида, Марказий банк томонидан пул-кредит сиёсати инструментларига тегишли ўзгартиришлар киритишни тақозо қилмоқда.

 

Шу муносабат билан, 2021 йилнинг 1 августидан бошлаб:

  • асосий ставка фоиз коридори +/-2 фоиз банд этиб белгиланади, бунда Марказий банк томонидан қисқа муддатли ресурсларни тақдим этиш 16%лик  ставкада, қисқа муддатли ресурсларни жалб қилиш 12%лик ставкада амалга оширилади;
  • тижорат банклари билан Марказий банкнинг овернайт депозит операциялари доимий равишда чекловларсиз ўтказиб борилади;
  • мажбурий резервлар бўйича ўртачалаш коэффициенти 0,75 дан 0,8 гача оширилади;
  • тижорат банклари томонидан хорижий валютада жалб қилинган депозитлар бўйича мажбурий резервлар нормативи 14%дан 18%гача оширилади.

 

Мажбурий резервлар нормативлари бўйича киритилган ўзгартиришлар, ўз навбатида, иқтисодиётда долларлашув даражасини пасайишига хизмат қилади.

 

Прогноз ва хатарлар. Жорий йилнинг I ярим йиллигида шаклланган ташқи ва ички иқтисодий шароитларни инобатга олиб 2021 йил охиригача макроиқтисодий кўрсаткичларнинг прогнозлари қайта кўриб чиқилди.

 

Бунда, жорий йил якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиш суръати прогнози 5,8-6,8%гача оширилди (дастлабки прогноз 4,5-5,5%). Бу, ўз навбатида, фискал рағбатлантиришлар таъсирида иқтисодий фаоллик ва ялпи талабнинг кутилганидан юқори суръатларда ўсаётганлиги, йил охиригача ишлаб чиқариш манфий тафовутининг қисқариши ва асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар ўсиш суръатларининг тикланиши билан изоҳланади.

 

Инфляция бўйича 2021 йил учун прогноз кўрсаткичи 9-10% даражасида ўзгаришсиз қолдирилди. Йил сўнгигача инфляция прогнозига пул-кредит шароитларининг нисбатан қатъий сақланиб қолиши, пул-кредит инструментлари тўпламига киритилаётган ўзгартиришлар, валюта бозорида кузатилаётган барқарор тенденциялар, тегишли вазирлик ва идоралар билан инфляциянинг номонетар омиллари таъсирини пасайтириш бўйича кўрилаётган чораларни жадаллаштириш орқали эришилади.

 

Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк Бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 9 сентябрь кунига белгиланган.