Ишлаб чиқаришни янги ишланмалар асосида ташкил этиш тизими жорий этилади Президентнинг 04.04.2026 йилдаги «Мамлакатда янги ишланмалар асосида ишлаб чиқаришни ташкил этиш тизимини жорий қилиш ҳамда илм-фанни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-54-сон Фармони қабул қилинди.
Олий таълим ва илмий ташкилотлар муассислигида янги ишланмаларга асосланган хўжалик жамияти шаклидаги «спин-офф» корхоналар ташкил этилади. 2026 йил 1 майдан бошлаб корхоналар фаолиятини йўлга қўйишда:
- корхоналар устав фондининг камида 25 фоизи таъсисчиларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан шакллантирилади;
- корхоналарнинг устав фондидаги давлат улушини бошқариш функцияси таъсисчига ишончнома асосида ўтказилади ва 5 йил муддатга (инвестиция даври) давлат улушини хусусийлаштириш тақиқланади (Давлат активларини бошқариш агентлигининг (ДАБА) тегишли хулосаси олинган ҳоллар бундан мустасно);
- давлат рўйхатидан ўтказишда ДАБА қарори ва Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг розилиги талаб этилмайди;
- таъсисчиларнинг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан корхоналар ташкил этилганда бу венчур молиялаштиришга тенглаштирилади.
Корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида таъсисчиларга ўзларининг бўш турган бино ва иншоотларини инвестиция даврида корхоналарга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида беришга ҳам рухсат берилади.
«Спин-офф» корхоналарга имтиёзлар ва преференциялар
Патентланган илмий ишланмалар асосида товарлар ишлаб чиқаришни (хизматлар кўрсатишни) йўлга қўйган «спин-офф» корхоналар реестрига киритилган корхоналарга:
- Президентнинг 30.06.2017 йилдаги ПФ-5099-сон Фармонида назарда тутилган имтиёз ва преференциялар (ижтимоий солиқдан ташқари) татбиқ этилади;
- 2026 йил 1 майдан 2029 йил 1 майгача бўлган даврда фойда солиғини белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизига камайтирилган ставкада тўлаш жорий этилади;
Фанни қўллаб-қувватлаш
2026 йил 1 майдан бошлаб давлат илмий дастурлари доирасида олимлар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан бажарилган ишланмалар бўйича тажриба-синов ишлари харажатларининг бир қисмини Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш назарда тутилмоқда. Бунда:
- тажриба-синов ишлари илмий ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳалари доирасида амалга оширилади;
- илмий ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳалари Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ўтказиладиган танловлар асосида молиялаштирилади.
Бундан ташқари, олис ва чекка ҳудудларда хорижий тилларга ихтисослаштирилган ўқув марказларини очиш учун хорижий тиллар бўйича камида С1 даражадаги миллий сертификатга ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган ёшларга, шунингдек, 30 ёшдан ошган шахсларга олти ойлик имтиёзли давр билан уч йил муддатга БҲМнинг 320 бараваригача миқдорда фоизсиз ссуда берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 07.04.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



