Вазирлар Маҳкамасининг 04.04.2026 йилдаги «Маҳсулот сифатини оширишга муносиб ҳисса қўшган мутахассислар ва корхоналарни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 143-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан мукофотларни қуйидаги тарзда топшириш белгиланди:
- 20 май – Бутунжаҳон метрология куни муносабати билан соҳа ходимларига – «Энг яхши метролог»;
- 14 октябрь – Бутунжаҳон стандартлар кунига – «Йил стандартчиси»;
- ноябрь ойининг иккинчи пайшанбасида корхоналарга – Бутунжаҳон сифат куни муносабати билан «Сифат соҳасидаги ютуқлари учун».
Ҳужжат билан Танлов комиссияси таркиби, шунингдек маҳсулот сифатини оширишга қўшган ҳиссаси учун тақдирлаш тартиби тўғрисидаги тегишли низомлар тасдиқланди.
Хусусан, «Энг яхши метролог» мукофоти учун танлов қуйидаги номинациялар бўйича ўтказилади:
- илмий метрология йўналишидаги энг яхши метролог;
- амалий метрология йўналишидаги энг яхши метролог;
- энг яхши ёш метролог.
«Энг яхши метролог» мукофотини беришнинг асосий мезонлари метрология соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, шунингдек метрология йўналишида, таълим фаолияти ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган фаолияти натижадорлиги ҳисобланади.
Талабгорлар ҳар йили 10 апрелга қадар Танлов комиссияси котибига белгиланган ҳужжатларни ариза билан бирга тақдим этади.
Танлов ғолиблари ҳар йили 20 май арафасида тантанали вазиятда махсус кўкрак нишони ва диплом билан тақдирланади.
«Сифат соҳасидаги ютуқлари учун» мукофотига тавсия этилган талабгор корхона ва ташкилотлар қуйидаги мезонлар асосида сараланади:
- экспорт салоҳияти;
- маҳаллийлаштириш кўрсаткичи;
- менежмент тизимларининг жорий этилгани;
- миллий бренднинг истеъмолчилар орасидаги нуфузи;
- ташкилотда сифатни назорат қилиш бўлинмасининг мавжудлиги;
- маҳсулот ишлаб чиқаришда халқаро стандартлардан фойдаланилиши;
- ишлаб чиқаришда метрологик таъминот ҳолати.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 06.04.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



