Президентнинг 27.08.2026 йилдаги "Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебиторлик қарзларини қисқартиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-176-сон Фармони қабул қилинди.
Ҳужжат билан 2027 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларига экспорт операциялари бўйича активлар репатриацияси белгиланган муддатларда таъминланмаган ҳолларда юзага келган дебитор қарздорликни ўз маблағлари ҳисобидан тўлашга рухсат бериш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинди.
Белгиланишича, акция 2026 йил 28 августгача (Фармон кучга кирган сана) ташқи савдо шартномаси бўйича товарлар, ишлар ёки хизматларни амалда экспорт қилиш сабабли, бироқ хорижий контрагент томонидан белгиланган муддатларда тўлов амалга оширилмасдан ҳосил бўлган ва "E-kontrakt" АТда муддати ўтган деб акс эттирилган дебиторлик қарзига нисбатан татбиқ этилади.
Акция устав капиталида давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга татбиқ этилмайди.
Акция доирасида тадбиркорлик субъектларининг ҳисобварақларига нақд валюта маблағларини йўловчи божхона декларацияси ва тегишли ишончномасиз хизмат кўрсатувчи банк кассалари орқали ўтказиш орқали муддати ўтган дебиторлик қарзларини тўлашга рухсат берилади. Ушбу маблағлар кирим қилингандан сўнг, тадбиркорлик субъектининг муддати ўтган дебиторлик қарзи суммаси "E-kontrakt" АТда автоматик равишда кирим қилинган маблағлар суммасига мутаносиб равишда камайтирилади.
Бунда ташқи савдо операциялари бўйича активлар репатриациясини таъминламаганлик учун жариманинг ундирилмаган қисми кирим қилинган маблағларга мутаносиб равишда ҳисобдан чиқарилади.
Шунингдек, ушбу маблағлар товарлар, ишлар ва хизматлар экспортидан валюта тушумлари сифатида тан олинмайди ва қўшилган қиймат солиғининг ноль даражали ставкасини қўллаш учун асос бўлмайди.
2027 йил 1 январдан бошлаб ташқи савдо операциялари бўйича активларни репатриация қилишни таъминламаганлик учун жарима миқдори қуйидаги ҳолатлардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлганда суд томонидан икки бараварга камайтирилади:
• резидент томонидан ташқи савдо операциялари бўйича активларнинг репатриациясини таъминлаш бўйича виждонан ҳаракатларни амалга ошириш, унга боғлиқ бўлган барча чораларни кўриш, шу жумладан суд, арбитраж ёки бошқа мажбурий ундириш воситалари орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини кўриш;
• ташқи савдо операциялари бўйича активларнинг 50 фоиздан ортиқ қисмини репатриация қилишни таъминлаш;
• барчага маълум бўлган халқаро санкциялар, банк ва тўлов тизимлари бўйича чекловлар ёки хорижий ҳамкор жойлашган давлатда валюта операцияларини амалга ошириш ёки ташқи савдо шартномаси бўйича тўловларни амалга оширишни тақиқлаш сабабли активларни репатриация қилиш имкониятини чеклаш, белгиланган тартибда тасдиқланган енгиб бўлмас куч таъсири юзага келган ҳолатлар бундан мустасно.
Жаримани камайтириш устав капиталида давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга татбиқ этилмайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.08.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





