Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

1 майдан бошлаб хусусий клиникаларга айрим руҳий касалликларни даволашга рухсат берилади

17.03.2018

 

Президентнинг 16.03.2018 йилдаги «Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди. Ҳужжат ЎзА сайтида иловаларсиз жойлаштирилган.

 

Руҳий ҳолатлар бузилишининг олдини олиш ва даволаш бўйича ишни янада такомиллаштириш, психиатрия хизмати муассасаларининг фаолияти самарадорлигини ошириш, хусусий тиббиётни ривожлантириш, малакали врач-психиатрлар тайёрлаш мақсадида жорий йилда бир қатор чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш назарда тутилган.

 

Биринчидан, 1 апрелдан бошлаб ИИО ўз жонига қасд қилинган ҳар бир ҳолат тўғрисида психиатрия хизмати муассасаларига зудлик билан хабар бериши шарт. Бундай хабардор этиш тартиби 1.05.2018 йилгача ишлаб чиқиб, тасдиқланади.  

 

Иккинчидан, 1 майдан бошлаб хусусий тиббиёт ташкилотларига руҳий ҳолат бузилишини ва хулқ-атвор бузилишини ташхис қилиш ва даволаш бўйича аҳолига айрим хизматлар кўрсатишга рухсат этилади. Уларнинг рўйхати бир ой муддатда тасдиқланади.

 

Маълумот учун: тиббий фаолиятнинг хусусий тиббиёт муассасалари учун тақиқланган айрим турлари (шу жумладан руҳий касалликларни даволаш) рўйхати Президентнинг 1.04.2017 йилдаги ПҚ–2863-сон қарори билан белгиланган.

 

Учинчидан, 1 октябрдан бошлаб диспансер кузатуви остидаги шахсларнинг ягона электрон реестри жорий этилади. У бундай шахслар, уларнинг психиатрия муассасаларида қанча муддат бўлганликлари, берилган дори воситалари, кўрсатилган ижтимоий хизматлар ва тақдим қилинган имтиёзлар тўғрисидаги комплекс маълумотлардан иборат бўлади.

 

Тўртинчидан, меҳнат терапияси, янги касбларга ўқитиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги психиатрия муассасалари ҳудудида давлат-хусусий шериклик шартларида даволаш-ишлаб чиқариш корхоналари тузилади. У ерга руҳий ҳолати бузилган шахслар, шу жумладан ногиронлар ишга жойлаштирилади.

 

1.07.2018 йилдан 1.01.2023 йилгача ушбу корхоналар ер солиғи, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ва мол-мулк солиғидан, шунингдек, ЯСТдан озод қилинади.

 

Врач-психиатрлар кўпаяди

 

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб:

  • грант асосида «психиатрия» йўналиши бўйича магистрларни тайёрлаш юзасидан олий тиббиёт таълим муассасаларига: Тошкент тиббиёт академиясига – 15 нафар, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Андижон, Бухоро ва Самарқанд давлат тиббиёт институтларига – 10 нафардан қабул квоталари оширилади;
  • Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, Самарқанд ва Андижон тиббиёт институтларида базавий тиббиёт маълумотига эга бўлган врачлар учун «психиатрия» ва «суицидология» йўналишларида ихтисослашув курслари ташкил қилинади. Бунда тингловчиларнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланади ва хизмат сафари харажатлари қопланади;
  • Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали, Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали, Андижон ва Самарқанд давлат тиббиёт институтларида «психиатрия» йўналиши бўйича клиник ординатурада ўқиш учун ўринлар сони 10 нафаргача оширилади.

 

2 ой муддатда 2018–2020 йилларда врач-психиатр тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва хорижнинг етакчи клиника ҳамда тиббиёт муассасаларида малакасини ошириш дастури тасдиқланади.

 

Психиатрия муассасалари «янгиланади» ва янгилари қурилади

 

Ҳужжат билан қуйидагиларга доир чора-тадбирлар дастурлари тасдиқланган:

  • аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш;
  • психиатрия муассасаларини 2018 йилда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш);
  • 2018–2020 йилларда республика психиатрия муассасаларининг биноларини қуриш ва реконструкция қилиш.  

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

Ленара Хикматова.