Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Агрокластер: хом ашёдан тайёр маҳсулотгача

20.06.2019

Читать на русском языке

Бухоро вилоятида пахта ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш  бўйича замонавий агрокластер қурилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 14.06.2019 йилдаги 500-сон қарорида белгиланган.

 

Кластер "Бухоропахтасаноат" ҳудудий бирлашмаси” АЖ негизида тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, пахта хом ашёси етиштиришнинг самарали усулларини жорий қилиш, уруғлик материалини етиштириш, қайта ишлаш ва тайёрлаш, чуқур қайта ишлаш асосида бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни ташкил қилиш учун барпо этилади.

 

Қуйидагилар агрокластернинг асосий вазифалари ҳисобланади:

  • пахта хом ашёси ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришнинг илғор илмий ютуқлари, замонавий ва самарали усулларини жорий қилиш;
  • пахта хом ашёсига бирламчи ишлов беришнинг самарали ва юқори рентабелли усулларини, шунингдек, чуқур қайта ишлаш технологияларини жорий қилиш;
  • пахта чигити ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғларини давлат ва халқаро стандартлар талабларига мувофиқ ишлаб чиқариш, тайёрлаш ва сотиш;
  • пахта хом ашёси ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш жараёнига илғор агротехник ҳамда сув тежайдиган технологияларни жорий қилиш;
  • тўғридан-тўғри, шу жумладан хорижий инвестицияларни, шунингдек, халқаро молия институтларининг кредитларини жалб қилиш ҳисобига қишлоқ хўжалиги хом ашёсини чуқур қайта ишлаш ва рақобатбардош, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш;
  • етиштириладиган пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг сифати ҳамда миқдорини ҳисобга олиш ва назорат қилиш жараёнларига замонавий АКТни кенг жорий этиш;
  • илмий ва таълим муассасалари билан биргаликда селекция ҳамда уруғчилик соҳасида тадқиқотлар ўтказиш, қишлоқ хўжалиги экинларининг янги навлари ва дурагайларини, шунингдек, пахта хом ашёсини бирламчи қайта ишлаш технологияларини яратиш.

 

2019­-2021 йилларда пахта тозалаш корхоналари базасида инвесторлар, шу жумладан хорижий инвесторлар жалб этилган ҳолда пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилади. Бунда пахта тозалаш корхоналари ва пахта тайёрлаш пунктларининг бино ҳамда иншоотлари пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ташкилотчиларига 5 йил муддатда бўлиб тўлаш (тенг миқдордаги йиллик тўловлар) шарти билан баҳолаш қийматида сотилади. Агрокластерга йигирув ва тўқимачилик ишлаб чиқаришларини ташкил этиш ва ишга тушириш даврида 30 минг тоннагача миқдордаги пахта толасини тўғридан-тўғри ёки фьючерс шартномалари бўйича экспортга сотишга рухсат берилди.

 

Етиштириладиган пахта хом ашёси бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар фермер хўжаликлари билан Агрокластер таркибига кирадиган пахта тозалаш корхоналари орқали амалга оширилади. 2019 йилги пахта хом ашёси ҳосили учун якуний ҳисоб-китоблар агрокластернинг ўз маблағлари ва унинг таркибига кирадиган ташкилотлар маблағлари, шунингдек, тижорат банкларининг кредитлари ҳисобидан амалга оширилади. Агрокластер таркибига кирувчи ташкилотларга пахта хом ашёси ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш жараёни учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланган ҳолда мониторинг ва назорат қилинади.

 

Истеъмолчиларга пахта толаси, пахта линти ва техник чигит агрокластер томонидан пахта тозалаш корхоналари билан ушбу маҳсулотларни биржа савдолари орқали сотишнинг белгиланган тартибига риоя қилган ҳолда тузиладиган воситачилик шартномалари, шунингдек, тўғридан-тўғри шартномалар ва маҳсулотни қайтариш асосида толлинг шартномалари бўйича сотилади.  Сотилган нарх ва Молия вазирлиги тасдиқлаган прейскурант бўйича нарх ўртасидаги фарқ Агрокластер ихтиёрида қолади ва солиқ солинадиган объект ҳисобланмайди (салбий фарқлар юзага келган тақдирда, харажатлар агрокластернинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади).

 

Агрокластер ва унинг таркибига кирадиган ташкилотлар республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва ўзининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган ускуналар, махсус транспорт воситалари ва техника, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материаллар, қурилиш материаллари, иссиқхона комплекслари, ҳайвонлар, уруғликлар ва ўсимликлар, ветеринария препаратлари, шунингдек, минерал ўғитлар ва ЁММни олиб киришда 2022 йил 1 июлгача бўлган муддатга божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.06.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Гаевой.