Ўрта махсус таълим ташкилотларида якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (06.10.2009 й. АВ рўйхат рақами 2011) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг буйруғи (19.03.2026 й. АВ рўйхат рақами 2011-5) билан тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди
Киритилган қўшимчаларга кўра, чет тиллари ва умумтаълим фанлари бўйича миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган ўқувчилар якуний аттестацияда ушбу фанлар бўйича давлат имтиҳонларидан озод этилади. Бунда уларга максимал балл берилади.
Ўқувчилар давлат имтиҳони баҳолари эълон қилинган кундан бошлаб 3 иш куни ичида (илгари – эълон қилинган вақтда) апелляция шикояти беришлари мумкин. Апелляция комиссияси шикоятни 3 иш куни ичида (илгари – мурожаат қилинган кунда) кўриб чиқади. Шу билан бирга, эндиликда ўқувчи ёки унинг ота-онаси шикоятни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Апеллация шикоятини кўриб чиқишда ўқувчиларнинг давлат имтиҳонини топшириш натижасида олган баллари пасайтирилишига йўл қўйилмайди.
Апелляция комиссиясининг қароридан норози бўлган ўқувчи юқори турувчи органга ёки судга мурожаат қилиши мумкин.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.03.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.



