Президентнинг 21.08.2025 йилдаги "Замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган инвестиция фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-255-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжатнинг мақсади:
- аҳолидан инвестиция лойиҳаларига маблағларни жалб қилиш бўйича оммалашиб бораётган амалиётни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш;
- фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш;
- инвестиция фаолиятини АКТдан фойдаланган ҳолда амалга оширишнинг шаффоф ва ишончли механизмларини жорий этиш.
2025 йил 1 октябрдан 2026 йил 1 октябрга қадар инвестиция платформаларидан "Тартибга солиш қумдони" махсус ҳуқуқий режимида қуйидаги йўналишларда фойдаланишга рухсат берилади:
- қимматли қоғозларни жойлаштириш ва сотиб олишда;
- венчур ва пай фондларини молиялаштиришда;
- коммандит ширкатларга ҳисса киритишда.
Махсус ҳуқуқий режим доирасида:
- юридик шахс ҳисобланган тадбиркорлик субъектлари инвестиция жалб этишни талаб этадиган лойиҳаларини ҳамда улушга эга бўлиш орқали тадбиркорлик фаолиятида иштирок этишга оид таклифларини инвестиция платформаларида жойлаштиришга ҳақли;
- инвесторлар инвестиция платформаларида эълон қилинган инвестиция лойиҳаларини танлаш ва уларга маблағ киритиш орқали инвестиция фаолиятини амалга ошириш ҳамда шу орқали фойда олиш ҳуқуқига эга;
- инвестиция платформалари орқали амалга ошириладиган лойиҳалар инвестиция ва бошқарув компаниялари орқали ҳам бошқарилиши мумкин.
Бунда инвестиция платформаси орқали киритилган инвестициялар рақамли электрон гувоҳномалар билан тасдиқланади ва инвестицияларни жалб этувчи шахс номидан инвестиция платформалари орқали тақдим этилади.
Платформа операторига қўйиладиган талаблар:
- резидент юридик шахс мақомига эга бўлиши;
- ваколатли давлат органи томонидан юритиладиган махсус электрон реестрга киритилган бўлиши;
- шартномалар реестрини юритиши.
Шу билан бирга, инвестицияларни жалб этувчи шахслар инвестиция платформасига инвестиция жалб этувчи шахсларда тўловга қобилиятсизлик аломатлари мавжуд эмаслиги ҳамда улар томонидан ўтган молия йили давомида солиқ ва бухгалтерия қонунчилигига риоя этилгани тўғрисидаги аудиторлик ташкилотининг хулосасини ҳам жойлаштириши керак.
Қуйидагилар белгиланди:
- киритилган маблағлар гаров объекти ҳисобланмайди ва бошқа мақсадларда фойдаланилмайди, шунингдек, платформа операторлари ва учинчи шахслар томонидан ва уларнинг фойдасига ундирилмайди, бундан суд қарори асосида амалга ошириладиган ҳолатлар мустасно;
- жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан, норезидентларга инвестиция платформалари орқали инвестиция киритишга рухсат берилади;
- маблағлар фақат Ўзбекистон ҳудудида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларига йўналтирилади;
- инвестициялар қайтарилиши ва рентабеллиги учун жавобгарлик инвестицияларни жалб этувчи шахс зиммасига юкланади;
- платформалар иштирокчиларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгилаш "ақлли шартномалар" (smart contract) ёрдамида амалга оширилиши мумкин.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги платформа операторлари фаолияти соҳасида тартибга солиш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Инвестиция платформалари орқали инвестиция киритишга оид битимлар электрон шаклда тузилади ва инвестиция платформаларидан олинган маълумотлар асосида қўшимча ҳужжатларсиз реал вақт режимида Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестрига тегишли ёзув киритилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.08.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова