Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Чем грозит сдача нулевого отчета по НДС – читайте на buxgalter.uzЧто должен успеть бухгалтер до 25 апреля – buxgalter.uz напоминаетБухгалтерам регулярно приходится отвечать на присланные им требования от налоговых органов. Buxgalter.uz решил помочь – мы начинаем публиковать типовые ответы на часто встречающиеся «Талабнома»К чему должен быть готов главбух, если НДС у него отрицательный – читайте на buxgalter.uz

Алкотестер ёрдамида маст ҳолатдаги ҳайдовчиларга баённома расмийлаштирилади

17.12.2018

Читать на русском языке


Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом (14.12.2018 йилда 3099-сон билан рўйхатдан ўтказилган) эълон қилинди. Ҳужжат соғлиқни сақлаш ва ички ишлар вазирликлари, Олий суд, шунингдек Бош прокуратура томонидан тасдиқланган.

 

Эслатиб ўтамиз, июнь ойидаёқ Президент транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини, жумладан, олиб юриладиган техник воситалар орқали аниқлашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш вазифасини топширган эди (Президентнинг 19.06.2018 йилдаги ПҚ–3786-сон қарори 16-банди учинчи хатбошисига қаранг). Бир қарашда бу ҳайдовчилар учун ёмон оқибатларга олиб келадигандек кўринади. Бироқ янги тартибда салбий жиҳатлардан кўра ижобий жиҳатлар кўп.

 

Биринчидан, текширув ўтказиш мажбурий бўлди. Усиз МЖТКнинг 131-моддаси (транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш) бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиб бўлмайди. Илгари қонун ҳужжатларида ДЙҲХХ ходимларига текширув ўтказиш мажбуриятини қўядиган тўғридан-тўғри норма йўқ эди. Шу сабабли амалиётда усиз баённома расмийлаштирилган ҳоллар учраб турарди (шундай далиллардан бири «Норма маслаҳатчи» газетасининг 43/2017-сонида кўриб чиқилган).

 

Иккинчидан, жойнинг ўзида текширув ўтказилиши ҳайдовчининг вақтини тежайди, маст ҳолатда эканлигига гумон қилинганда уни тиббий текширувдан ўтказиш учун олиб боришга тўғри келмайди. Ҳайдовчининг тиббиёт муассасасига йўл олиши («қайрилиб олишгача бошқариши»), ҳайдовчилик гувоҳномасига пуфлаши ва бошқаларни имитация қилиш йўли билан маст эмаслигини субъектив текшириш усуллари ўтмишда қоладиган кўринади.

 

Алкотестер салбий натижани кўрсатган, бироқ ДЙҲХХ ходими ҳайдовчининг маст ҳолатда эканлиги ҳақида гумонсираётган бўлса, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан маст эканлигини аниқлаш учун энди тиббий текширув ўтказилиши мумкин. Бундан ташқари, ДЙҲХХ ходимида алкотестер бўлмаса, ҳайдовчини тиббий текширувга юбориш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ҳужжатда тўғридан-тўғри назарда тутилмаган.

 

Учинчидан, алкоголнинг йўл қўйиладиган чекланган концентрацияси белгиланди. Илгари у белгиланмаган бўлиб, расмий жиҳатдан қондаги алкоголнинг ҳар қандай таркиби маъмурий ундирувни қўллаш учун асос бўлиб хизмат қила оларди. Таркибида кичик дозаларда алкоголь бўлган маҳсулот ва моддалар (квас, шоколадли конфеталар, апельсин, банан, шарбатлар, сигарета ва ҳ.к.) истеъмол қилинганда, шунингдек ҳайдовчилар спиртли ичимликлар истеъмол қилган кундан кейинги кунларда бу борада низоли вазиятлар юзага келарди.

 

Энди алкотестердан фойдаланганда чиқарилган ҳаводаги алкоголь буғлари кўрсаткичи 0,135 миллиграмм ва ундан юқори бўлганда мастлик ҳолати эътироф этилади. Даволаш-профилактика муассасасида тиббий текширув ўтказилганда эса – алкоголнинг қондаги концентрацияси 0,3 промилле ва ундан ортиқ бўлганда.

 

Бу – муҳим! Интернет тармоғида турли спиртли ичимликлар истеъмол қилинганидан кейин муайян вақт ўтгач, у ёки бу миқдорда истеъмол қилинганлиги ҳақида қандай кўрсаткичлар қайд этилиши ҳақидаги маълумотларни топиш мумкин. Ҳар бир киши организмидан алкоголнинг чиқиб кетиш тезлиги ўзига хос эканлигини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Шу сабабли бундай жадвал ва калькуляторларга таянишдан наф йўқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам алкоголь организм учун хатарли, уни истеъмол қилиш зарарлидир.  

 

Тўртинчидан, тартиб-таомилга оид жиҳатлар белгиланди.

 

Эслатиб ўтамиз, ҳайдовчи ДЙҲХХ ходимининг талабига биноан тестдан ўтишга мажбур. Ҳатто маст ҳолатда бўлмаган ҳайдовчи ҳам ушбу тартиб-таомилдан ўтишдан бўйин товлаган тақдирда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1 йилу 6 ойдан 3 йилгача муддатга маҳрум қилиб, 15 ЭКИҲ миқдорида (материал эълон қилинган пайтда – 3 040 950 сўм) жаримага тортилиши мумкин (МЖТКнинг 136-моддаси).

 

Шу билан бирга, тест ўтказилишидан олдин фуқаро техник воситага тегишли ҳужжатлар билан танишиб чиқишга ҳақли. У Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда текширилган, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан берилган сертификатга эга бўлиши керак. Бундан ташқари, ДЙҲХХ ходими санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этиши лозим. Бироқ бир марталик мундштуклардан фойдаланиш кераклиги ҳужжатда тўғридан-тўғри қайд этилмаган.

 

Фақат 2 та шартга риоя этилганда алкотестер кўрсаткичлари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш учун асос бўлиб хизмат қила олади:

  • тартиб-таомилда камида 2 нафар холис иштирок этганда ёхуд ДЙҲХХ ходимида кузатув камераси мавжуд бўлганда;
  • ҳайдовчи ҳуқуқбузарлик далилини тан олганда.

 

Бунда Ўзбекистонда қабул қилинган алкотестернинг чекланган кўрсаткичлари (мг/л) ва унинг қондаги таркиби (промилле) илмий жиҳатдан исботланган нисбатга мувофиқ келишини инобатга олиш зарур, унда 1 мг/л 0,45 промиллега тенг (1:0,45). Яъни 0,135 мг/л – бу 0,3 промилле. Бироқ алкотестер хато кўрсатиши мумкин. Русумига қараб 0,02 – 0,05 мг/л. Масалан, Россия Федерациясида рухсат этилган 0,3 промилледа алкотестер кўрсаткичи камида 0,16 мг/л ни ташкил этиши, яъни 0,025 мг/л га хато қилиши назарда тутилган.  

 

Шу сабабли қабул қилинган ҳужжатда қуйидагича қайд этилган: ҳайдовчи алкотестер кўрсаткичларига рози бўлмаса, ДЙҲХХ ходими ҳайдовчи тўхтатилган ёхуд ЙТҲ рўй берган пайтдан бошлаб 1 соат ичида уни тиббий текширувдан ўтказиш учун туман, шаҳар даволаш-профилактика муассасасига олиб боришга мажбур (бу Низомнинг 11-бандида назарда тутилган).

 

Тиббиёт муассасасида фақат нафасдан чиқарилаётган ҳаво ҳам намуна сифатида олинади. Гиёҳвандлик воситалари таъсиридан маст ҳолатда эканлигига гумон қилинса, суд экспертизасининг барча қоидаларига мувофиқ биологик суюқликлар (пешоб, сўлак) олинади. Шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатишни талаб қилувчи ва текширишнинг бошқа усулларидан фойдаланишнинг имкони бўлмаган ҳолатларда эса мастликни аниқлаш учун қон намунасини суриштирувчи, терговчи ёки прокурор қарори асосида олишга рухсат берилади.    

 

Тиббиёт муассасаси хулосани расмийлаштиради, унда қуйидаги ҳолатлардан бири белгиланиши лозим:

  • мастлик ҳолати аниқланмади;
  • алкоголли мастлик ҳолати аниқланди;
  • гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлик ҳолати аниқланди (бу ҳолатда аниқланган модда кўрсатилиши шарт, хулоса эса фақат модданинг аниқ ҳаққоний лаборатор таърифи бўлгандагина чиқарилади);
  • саломатлик ҳолати бўйича юқори хавф манбаи бор ишлардан четлатишни талаб этувчи функционал ҳолатнинг бузилишлари мавжуд.

 

Ҳайдовчи тиббий хулосага ҳам рози бўлмаса, у бошқа даволаш-профилактика муассасасида текширув ўтказилишини талаб қилишга ҳақли. Уни тўхтатилган ёхуд ЙТҲ содир этилган вақтдан эътиборан 2 соат ичида у ерга олиб боришга мажбурлар (Низомнинг 33-банди).

 

Маълумот учун: МЖТКнинг 131-моддасида ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1 йилу 6 ойдан 3 йилгача муддатга маҳрум қилиб, 25 ЭКИҲ миқдорида (материал эълон қилинган пайтда – 5 068 250 сўм) жарима солиш назарда тутилган.

 

Ҳужжат бошқа айрим қоидаларни ҳам ўз ичига олган, Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.12.2018 йилдан кучга кирди.

 

Самир Латипов.





 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_