Президент томонидан 13.04.2023 йилдаги «Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-51-сон Фармон имзоланди.
2023 йил 1 майдан ипотека кредитларини ажратишда қуйидаги тартиб ўрнатилмоқда:
- банкларга расмий даромадга эга бўлмаган шахсларга ипотека кредитини ажратишда уларнинг тўлов қобилиятини аниқлашнинг муқобил усулларидан фойдаланишга, шу жумладан қарз олувчиларнинг банк картаси айланмаси, ижара, коммунал харажатларини инобатга олувчи скоринг тизимини жорий қилишга рухсат этилади;
- банкларга қарз олувчи томонидан тўланган дастлабки бадал миқдори, имтиёзли давр муддати ва бошқа кўрсаткичлардан келиб чиқиб, субсидиясиз ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича табақалаштирилган фоиз ставкаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилади;
- профессионал таълим ташкилотларининг муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш соҳаларидаги махсус фанлар бўйича дарс бераётган ёки ўқув амалиётини ўтказаётган ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълим усталарига имтиёзли шартларда субсидия хабарномаларини бериш тартиби жорий этилади;
- хабарномаларнинг амал қилиш муддати 4 ой этиб белгиланади;
- субсидияларни ажратиш ҳақида аризалар 2023 йил 1 майдан 1 декабрга қадар қабул қилинади;
- Иқтисодиёт вазирлиги хато ажратилган субсидия хабарномаларини тўғридан-тўғри бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Шунингдек, 2023 йил 1 майдан бошлаб:
- қурилаётган кўп квартирали уй-жойларнинг қурилиши якунланган қисмини банклар томонидан кредит таъминоти сифатида босқичма-босқич гаровга олиш амалиёти жорий этилади;
- 2025 йил 1 январга қадар айрим қурилиш материаллари ва хомашё турларини импорт қилишда божхона божининг ноль ставкаси кўлланилади.
Тасдиқланган мақсадли кўрсаткичларга мувофиқ, 2023 йилда умумий қиймати 10,7 трлн сўмдан зиёд миқдорда 44,7 мингта кредит ажратилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек миқдори 1,6 трлн сўмдан зиёд 30 мингта субсидия ажратилади.
Қурилиш-пудрат ташкилотларининг айланма маблағларини тўлдиришга 500 млрд сўм йўналтирилади, бунда банклар қурилиш-пудрат ташкилотларига кредитларни 18 ойгача муддатга Марказий банкнинг асосий ставкасига тенг фоиз ставкада ажратади.
2024 йил 31 декабрга қадар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан хусусий пудрат ташкилотларига Тошкент шаҳрида - 9 ва ундан юқори, бошқа шаҳарларда - 7 ва ундан юқори, қишлоқ жойларда - 5 ва ундан юқори қаватли уй-жойлар қуриш учун ажратилган тижорат банкларининг миллий валютадаги кредитлари бўйича 24 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга кафиллик ва компенсация тақдим этилади.
Маълумот учун: компенсация - кредит суммасидан қатъи назар ҳар бир кўп квартирали уй-жой учун кредитнинг 5 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган қисми бўйича тўланади;
кафиллик - кредит суммасидан қатьи назар ҳар бир кўп квартирали уй-жой учун 2,5 млрд сўмдан ошмаган миқдорда тақдим этилади;
кафиллик ва компенсациялар бериш учун майдони 70 квадрат метрдан ошмаган квартиралар сони қурилаётган уй-жойдаги жами квартиралар сонининг камида 70 % ташкил этиши лозим.
Мақсадли кўрсаткичларга мувофиқ, “Янги Ўзбекистон” массивларида 12,4 минг хонадондан иборат 305 та кўп квартирали уйлар қурилади.
Шунингдек, 2023 йилда фуқароларнинг алоҳида тоифалари (ҳарбий хизматчилар) учун 4 мингта квартира сотиб олиш учун ипотека кредитлари ажратилади.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.04.2023 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев.