23.06.2025 йилдаги «Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида»ги ЎРҚ-1070-сон Қонуни қабул қилинди. Қонуннинг таъсири банклар, банклар гуруҳлари ва банк акцияларининг назорат пакетига эгалик қилувчи холдинг компанияларига татбиқ этилади. Қонун 3 ойдан сўнг кучга киради.
Марказий банк банкларни санация қилиш ва тугатиш соҳасидаги ваколатли давлат органидир.
Банкни санация қилишни бошлаш асослари:
- банкнинг тўловга қобилиятсизлиги ёки унинг юзага келиш эҳтимолининг юқорилиги;
- банк томонидан қўлланилган чоралар ҳамда Марказий банк томонидан қўлланилган назорат чораларининг тўловга қобилиятсизликни бартараф этишга қодир эмаслиги ёки олти ой давомида мазкур чоралар орқали бундай натижага эришиш эҳтимолининг йўқлиги;
- банкнинг тизимли аҳамиятга молик эканлиги сабабли санация қилиш зарурлиги ёки тизимли аҳамиятга молик бўлмаган банкни мажбурий тугатиш орқали санациянинг бир ёки бир нечта мақсадларига эришиш имкониятининг йўқлиги.
Марказий банк санация қилинаётган банкнинг махсус бошқарувчисини тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.
Санация воситалари:
- активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш);
- оралиқ банк яратиш;
- ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш.
Марказий банк санация тўғрисида қарор қабул қилишдан олдин банкнинг активлари ва мажбуриятлари, шунингдек балансдан ташқари моддаларини баҳолашни ўтказади. Баҳолаш ўтказган баҳоловчи Марказий банкка қуйидагиларни ўз ичига олган баҳолаш хулосасини тақдим этади:
- санация қилинаётган банкнинг акциядорлари ва кредиторлари банкни санация қилиш бошланган кунда мазкур банкка нисбатан мажбурий тугатиш жараёни ташаббус қилинган бўлса, улар кўриши мумкин бўлган зарарларнинг миқдори;
- санация қилинаётган банкнинг акциядорлари ва кредиторлари кўрган ҳақиқий зарарлар миқдори ва бошқалар.
Санацияни молиялаштириш учун Марказий банк ва Омонатларни кафолатлаш агентлигининг қўшма қарори асосида санация фонди яратилади.
Санация қилинаётган банк тузган шартномалар бўйича Марказий банк унинг муайян тўлов ва ўтказмалар бўйича мажбуриятларини санация тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб олти ҳафтадан ошмаган муддатга тўхтатиб туришга ваколатли.
Банк фаолиятини тўхтатиш ва тугатиш ихтиёрий ёки мажбурий тугатиш шаклида амалга оширилиши мумкин.
Агар банк тўловга қобилиятсиз бўлмаса ёки унинг тўловга қобилиятсизлиги юзага келиш эҳтимоли юқори бўлмаса, у ихтиёрий равишда тугатилиши мумкин.
Банкни ихтиёрий тугатиш Марказий банкнинг розилиги асосида амалга оширилади.
Агар банк тизимли аҳамиятга молик деб тан олинмаган бўлса, у «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунда назарда тутилган ҳолларда мажбурий тугатилиши мумкин.
Банкни мажбурий тугатиш Марказий банк бошқарувининг лицензияни чақириб олиш ва банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарори асосида амалга оширилади. У суддан ташқари ва суд тартибида ўтказилиши мумкин.
Банкни мажбурий тугатиш жараёнида тугатилаётган банкнинг активлари ва мажбуриятларини бошқа банкка ўтказиш ва (ёки) банк активларини сотиш воситалари қўлланилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.09.2025 йилдан кучга киради.
Лола Абдуазимова