Марказий банк Бошқарувининг қарори (20.10.2026 й. АВ рўйхат рақами 3420-3-сон) билан Банк ҳисобварақларини очиш, юритиш ва ёпиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (08.02.2023-й. АВ рўйхат рақами 3420-сон) ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ҳужжатга кўра, банкротлик жараёнида бўлган тадбиркорлар учун махсус ҳисобварақлар очилади.
Тадбиркорга нисбатан реабилитация, ташқи бошқарув ёки тугатиш таомили жорий этилган тақдирда, унинг маблағларини бошқариш учун банкда махсус ҳисобварақ очилади.
Бунда тадбиркорнинг асосий ва қўшимча ҳисобварақлари бўйича харажат операциялари тўхтатилиб, мавжуд ва бўлғуси маблағлар махсус ҳисобвараққа ўтказилади.
Махсус ҳисобварақдаги маблағлардан фақат мижознинг ёки суд бошқарувчисининг тўлов топшириқномаси асосида фойдаланилади.
Ушбу чора-тадбирлар оғир молиявий аҳволда қолган ёки банкротлик ёқасига келиб қолган тадбиркорларнинг оёққа туриб олишига ва ўз фаолиятини қайта тиклашига ёрдам беради.
Шунингдек, киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, эндиликда фуқаролар ўзларининг барча банк ҳисобварақлари тўғрисидаги маълумотларни исталган банкдан олишлари мумкин бўлади (илгари бундай маълумотларни фақат асосий ҳисобварақ очилган банкдан олиш мумкин эди).
Шу билан бирга, эндиликда банк ҳисобварақларини очишда хорижга чиқиш учун биометрик паспортдан фойдаланиш мумкин.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.10.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





